Қирғизистон парламенти «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамасиз қабул қилди
Қонун нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари томонидан ҳар қандай қоидабузарлик учун жавобгарликни кучайтиради.
Қирғизистон парламенти (Жогорку Кенеш) 25 октябр куни «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Депутатлар қонун лойиҳасини ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилдилар, деб хабар берди Kloop.
«Бутун Қирғизистон» фракцияси депутати Гуля Қўжоқулова қонун лойиҳасига қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликка кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари аллақачон барча ҳисоботларни тақдим этмоқда ва давлат бундай ташкилотларга қарши кўплаб воситаларга эга. Шунингдек, у қонун лойиҳаси бўйича тегишли экспертиза йўқлигини айтди. У ҳамкасбларини қонун лойиҳасига овоз бермасликка чақирди.
Спикер Нурланбек Шакиев қонун лойиҳасини муҳокамасиз қабул қилишни таклиф этди. У қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтди. Унинг сўзларига кўра, у халқаро ташкилотлар вакиллари, турли мамлакатлар элчилари билан ўнлаб учрашув ўтказган ва уларни қонун лойиҳаси «фақат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга имкон беришига» ишонтирган.
Якунда қонун лойиҳасини ёқлаб 52 нафар депутат овоз берган, 7 нафари эса қарши чиққан.
Май ойи ўрталарида Жогорку Кенешга «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун ва Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳаси келиб тушди. Ушбу ҳужжат билан 30 дан ортиқ депутатлар гуруҳи Қирғизистонда «хорижий агент» – «чет эл вакили» атамасини ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари томонидан муайян қоидабузарлик учун жавобгарликни кучайтирувчи нормаларни жорий этишни таклиф қилди.
Ҳужжатга кўра, хориждан маблағ оладиган ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотлар «хорижий вакиллар» деб тан олинади. Бундай нодавлат нотижорат ташкилотлари қўшимча ҳисоботларни тақдим этиши керак ва улар режадан ташқари текширувларга дуч келиши мумкин.
Қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори, депутат Нодира Норматова сўзларига кўра, ушбу ташаббус сўз эркинлиги ва демократияга ҳеч қандай таҳдид солмайди, шунингдек, нотижорат ташкилотлар фаолиятини чекламайди. Унинг таъкидлашича, ННТ тўғрисидаги амалдаги қонунлар долзарблигини йўқотган ва «давлат манфаатлари, хавфсизлиги ва яхлитлиги учун» нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назоратни кучайтириш зарур.
«Хорижий агентлар» ҳақидаги қонун Россия қонунчилигида ҳам бор. Унга кўра, «хорижий агент» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «хорижий агент» эканини белгилаб қўйиши шарт.
2022 йилдан бошлаб, уларга дарс бериш, ахборот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, сайлов комиссиялари аъзоси бўлиш тақиқланди. 2022 йил охиридан бошлаб Адлия вазирлиги хорижий агентларнинг ягона реестрини юритиб келмоқда.
2023 йилда Владимир Путин хорижий агентлар ҳақидаги қонунни кучайтирувчи қонунни имзолади. Унга кўра, Адлия вазирлиги хорижий агентлар билан мулоқотда бўлган шахсларга қонунбузарликка йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериши мумкин. Ушбу шахсларга нисбатан Адлия вазирлиги томонидан режадан ташқари текширув ўтказилиши мумкин.
Мавзуга оид
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024