Германия ҳукумати ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш қоидаларини кучайтирмоқда
Янги қоидалар полициянинг депортациядан қочган одамларни қидириш ваколатларини кенгайтиради ва муҳожирлар кетишни кутаётган пайтда ҳибсда сақланиш муддатини узайтиради.
Қочқинлик мақоми берилмаган шахсларни депортация қилиш бўйича қаттиқроқ чоралар «яшиллар» партияси ва айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқидига қарамай, 25 октябр, чоршанба куни Германия ҳукумати томонидан маъқулланди.
Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер таъкидлаганидек, Германияга ноқонуний миграция кўламини «сезиларли даражада камайтириш» учун «чекловчи чоралар тўплами»ни қабул қилиш зарур эди. Шу билан бирга, бошпана бериш рад этилганларни мамлакатдан олиб чиқишни тезлаштириш ва фаоллаштириш бунга чиндан ҳам муҳтож бўлганларни ҳимоя қилиш учун «етарли имкониятлар» яратади, дея қўшимча қилди у.
Қонунга режалаштирилган ўзгартиришлар полициянинг қочқинлик мақомини олишдан бош тортган хорижликларни депортация қилиш чораларини қўллаш бўйича ваколатларини кенгайтириши керак. Масалан, мигрантлар ётоқхоналарида тинтув ўтказаётган полиция ходимлари нафақат ўзлари қидираётганларнинг хоналарини, балки бошқа биноларни ҳам текшириши мумкин бўлади. Бундан ташқари, депортацияга қадар ушлаб туришнинг максимал муддати амалдаги 10 кундан 28 суткага оширилади.
Контрабандачиларни тезкорлик билан депортация қилиш
Янгиликлардан кўзланган мақсадлардан бири, шунингдек, Германияга ноқонуний равишда одамларни олиб ўтиш билан шуғулланган шахсларни депортация қилишдан иборат. Бундан ташқари, қонун жиноий ташкилотлар аъзоларини алоҳида жазолардан қатъи назар, мамлакатдан чиқариб юбориш имконини беради.
Қонун қабул қилингандан сўнг, рад жавоби берилган бошпана изловчиларни Германиядан депортация қилишлар сони йилига 600 тага ёки 5 фоизга ошиши кутилмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқиди
Айни пайтда, Германиядан бошпана сўраган муҳожирларга ёрдам кўрсатувчи Pro Asyl инсон ҳуқуқлари ташкилоти қонун лойиҳасини кескин танқид қилди. Унинг вакилларига кўра, қаттиқроқ чоралар мигрантларнинг «асосий ҳуқуқларига жиддий ҳужум» деганидир. Шу билан бирга, улар немис коммуналарида муҳожирлар сонини умуман камайтирмайди, дея маълум қилди Pro Asyl.
Режалаштирилган чора-тадбирларнинг қонунийлигига шубҳаларни ҳукмрон «яшиллар» партияси ҳам билдирмоқда. Шу тариқа, Бундестаг депутати Юлиан Палке RND нашрлари гуруҳига берган интервюсида «қонун ҳозирги шаклда конституцияга зид бўлиши мумкин», деди. Худди шундай фикрни «яшиллар»нинг миграция бўйича эксперти Филиц Полат ҳам билдирган. Унинг фикрига кўра, ташаббус «одамларнинг уй-жой эркинлиги ва хавфсизлигига, шунингдек, шахсий соҳага бўлган асосий ҳуқуқларига номутаносиб равишда аралашишдир».
Бу танқидни изоҳлар экан, Германия ички ишлар вазири Фезер қонун лойиҳаси бутун ҳукумат томонидан қабул қилинганини эслатди. «Яшиллар» ҳам бу жараёнда иштирок этди», деди у.
Айни пайтда, ХДС/ХСС мухолифат блоки тайёрланаётган чораларни етарли эмас деб ҳисоблайди. «Бу миграция сиёсатида туб бурилиш сари тош йўлда бир қадамдан бошқа нарса эмас», - деди Бундестагдаги консерваторлар фракцияси раиси ўринбосари Андрея Линдхолц.