Исроил Ғазодаги қуруқлик операциясини АҚШ илтимосига кўра кечиктирди – ОАВ
АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларини мустаҳкамлаб олишни режалаштирмоқда.
Исроил Қўшма Штатлар илтимосига кўра Ғазодаги қуруқлик ҳарбий операциясини кечиктиришга рози бўлди. АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини мустаҳкамлаб олиш мақсадида Исроилга шундай илтимос билан мурожаат қилган, деб ёзди The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.
Қайд қилинишича, АҚШ Исроилнинг Ғазо секторида қуруқлик операцияси бошланганидан кейин америкалик ҳарбийлар турли қуролли гуруҳлар ҳужумига учраши мумкинлигидан хавотирда.
Шу сабабли Пентагон Ироқ, Сурия, Кувайт, Иордания, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги ўз қўшинларини ракеталардан ҳимоя қилиш учун ҳафта охиригача 10 га яқин ҳаво мудофаа тизимини жойлаштиришни режалаштирмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ҲАМАС ҳаракатига қарши уруш бошлаганидан бери АҚШ ҳарбийларига камида 13 марта ҳужум қилинган. Ушбу зарбалар оқибатида Қўшма Штатларнинг Суриядаги 20 нафарга яқин аскари, Ироқда эса яна 10 нафари енгил жароҳатланган.
Аввалроқ The New York Times ҳам АҚШ Исроилдан Ғазо секторидаги қуруқлик операциясини кечиктиришни сўрагани ҳақида ёзган эди. Бунинг сабаби сифатида Америка расмийлари гаровга олинганлар бўйича музокара ўтказиш, секторга гуманитар ёрдам етказиш, шунингдек, Яқин Шарқдаги Америка муассасалари ҳимоясини кучайтириш учун вақтдан ютишга урингани айтилди.
Бунгача Bloomberg ва The Wall Street Journal АҚШ гаровга олинганлар бўйича музокара ўтказиш учун Исроилни Ғазо секторидаги қуруқлик операциясини кечиктиришга чақирганини ёзган эди. Шунда Исроил кечиктиришга қарши чиққани, аммо АҚШ босими остида кутишга рози бўлгани хабар берилганди.
Мавзуга оид
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
20:40 / 16.11.2024
HRW Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни мажбуран кўчирганликда айблади
15:52 / 16.11.2024