Фан-техника | 15:23 / 26.10.2023
45165
4 дақиқада ўқилади

Livanʼдан Luxeedʼгача — Хитой автосаноати тақдим этган энг сўнгги электромобиллар

Дунё автосаноатида ички ёнув двигателли (бензин, дизел) автомобиллар «мода»дан қолаётган бир вақтда, Хитой вужудга келаётган бўшлиқни тўлдириш, электромобиллар бўйича ҳам дунёдаги энг катта экспорт давлати бўлиш учун янгидан янги моделларни тақдим этяпти. Қуйида ана шундай электромобиллар ҳақида сўз боради.

Livan 7

Geely компанияси янги кросс-купе Livan 7 сотувини бошлади. Унинг узунлиги 4,7 метр. Ҳажми катталигига қарамай электромобил бюджет синфига мансуб — унинг базавий комплектацияси 16 минг доллар этиб белгиланган. Livanʼнинг 6 хил комплектацияси бор.

Бир марталик тўлиқ қувватланиш билан 405 дан 605 километргача (WLTC цикли бўйича) масофа босиб ўта олади. Фақат олд ғилдираклар тортувчи ҳисобланади. 100 км тезликка чиқиши учун 6,8 сония кифоя қилади. Автопилот режимига эга: бунинг учун автомобилга 12 та ултратовушли радар, лидар ва камералар ўрнатилган.

Chery eQ7

Chery брендининг навбатдаги ишланмаси тўлиқ электрда ҳаракатланадиган eQ7 (Shuxiangjia) модели бўлди. Автомобил ўрта ҳажмли кроссовер ҳисобланиб, 6 та комплектациясида тақдим этилди. Биринчи позицияси нархи қарийб 20,5 минг долларга тенг.

Машина узунлиги 4675 мм, эни 1910 мм, бўйи эса 1660 мм. Ғилдираклар базаси 2830 ммни ташкил этади. Кузов 5 хил рангга эга: оқ, қора, яшил, кўк ва кулранг. eQ7 комплектациясига қараб бир марталик тўлиқ қувват билан 412 дан 512 километргача масофа босиб ўта олади. 100 км тезликка эса 8 сония сарфлайди. Максимал тезлиги соатига 180 км. 

Exeed Exlantix (Sterra) ET

Exeed бренди 2017 йил сентябрида Chery компанияси томонидан тақдим этилган. Йўлтанламас ва кроссоверлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Exxedʼнинг навбатдаги модели Exlantix ET бўлди. Автомобил 2024 йилдан бошлаб Хитой бозорида сотувга чиқади. Модел премераси август ойида Чендудаги автокўргазмада бўлиб ўтганди.

Электромобил тўлиқ қувват билан 500 дан 700 километргача масофа босиб ўта олади. 150 км масофага етадиган энергияга эга бўлиш учун автомобилни 5 дақиқа қувватлантириш кифоя қилади. Дунё бозорига Exlantix ET номи остида сотувга чиқса, Хитойда Sterra номи билан сотилади. Ҳозирча нархлар борасида расмий маълумот мавжуд эмас. 

Geometry G6

Geely компанияси бир йил аввал дебют қилган Geometry G6 моделини янгилашга ҳам улгурди. Асосий ўзгариш эса дизайнда эмас, балки босиб ўтадиган масофасида бўлди. Аввалги версияда автомобил тўла қувват билан 480—620 км масофа босиб ўтиши кўрсатилганди, бу сафар эса масофа қисқартирилган: 410—500 км.

Бироқ автомобилни қуввантлантириш вақтини қисқартиришга эришилган. Аккумуляторни 30 фоиздан 80 фоизга қадар тўлдириш учун олдин 30 дақиқа кетган бўлса, энди бу 20 дақиқага тенг. Шунингдек, 8 дақиқада 100 км масофага етадиган қувватга эга бўлиш имконияти ҳам бор. G6 204 от кучига эга электромотор билан жиҳозланган. У 100 км тезликка 6,9 сонияда чиқади. 

Luxeed S7

Huawei ва Chery компанияларининг қўшма лойиҳаси остида янги бренд бозорга чиқмоқда. 5 метрлик фастбек 3 хил модификацияда тақдим этилади. Седан Brembo тормоз тизими, яримавтопилот Huawei АDS 2.0 тизимлари билан таъминланган.

Автомобил комплектациясига қараб 19—21 дюймли дисклар билан жиҳозланади. Тўлиқ қувват билан 700 км (CATL цикли бўйича) масофа босиб ўтади. Таъкидланишича, Luxeed S7 Хитой бозорида 27 минг доллардан 17 ноябрда сотувга чиқишга кутилмоқда.

Мавзуга оид