Жаҳон | 23:41 / 26.10.2023
12385
2 дақиқада ўқилади

Словакия энди Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди 

Мамлакатнинг янги бош вазири Украинага қурол билан ёрдам беришдан бош тортди, аммо гуманитар ёрдам беришини тасдиқлади. 

Фото: AP

Словакия Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди ва бундан буён «Брюсселда ўз фикрига» эга бўлади. Бу позицияни Словакиянинг янги бош вазири Роберт Фицо Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан мулоқот чоғида айтиб ўтди. Фицо «бугундан бошлаб Словакия Брюсселда ўз фикрига эга бўлади» деди. 

«Шунингдек, мен Еврокомиссия президентига янги Словакия ҳукумати Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватламаслиги ва биз фақат гуманитар ёрдамга эътибор қаратишимиз ҳақида маълум қилдим», деб қўшимча қилди Фицо. 

Унинг аниқлик киритишича, фон дер Ляйен бунга жавобан Украинани қурол билан қўллаб-қувватлаш ёки қўллаб-қувватламаслик Европа Иттифоқи ҳар бир аъзосининг суверен ҳуқуқи эканлигини айтган. 

25 октябр куни Словакияда бўлиб ўтган парламент сайловларида собиқ бош вазир Роберт Фицо бошчилигидаги Smer-SD партияси ғалаба қозонгани маълум бўлди. Шу куни Словакия президенти Зузана Чапутова янги ҳукуматни тасдиқлади, унга яна Фицо раҳбарлик қиладиган бўлди. 

Сиёсатчининг ўзи аввалдан Украинага қарши позицияси билан танилган. Сайловлардан олдин ҳам у ҳокимиятга келса, Украинага ёрдамни дарҳол тўхтатишини бир неча бор таъкидлаган эди.

Мавзуга оид