Жаҳон | 12:46 / 30.10.2023
7452
3 дақиқада ўқилади

Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар чоғида 60 киши қўлга олинди 

Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар чоғида 60 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Шимолий Кавказ федерал округи бўйича бошқармаси маълум қилди.

Фото: Рамазан Рашидов / ТАСС

«Тартибсизликларнинг 150 дан ортиқ фаол иштирокчилари аниқланиб, улардан 60 нафари ушланди ҳамда қўшимча тергов ўтказиш учун ички ишлар органларига олиб кетилди. Қонунга зид ҳаракатлар натижасида 9 нафар милиция ходими тан жароҳати олган, улардан икки нафари шифохонада», — дейилади бошқарма хабарида.

29 октябр оқшомида Тел-Авивдан Маҳачқалъага Red Wings авиакомпаниясининг мунтазам рейси етиб келишидан бироз олдин аэропортга бир неча юз киши йиғилди. Ахборот агентлиги суратларида уларнинг баъзилари Фаластин байроқларини ҳилпиратганини кўриш мумкин. ОАВ ва Telegram-каналлари хабарларига кўра, оломон учиш-қўниш йўлагига бостириб кирган. Йиғилганлар аэропортдан чиқаётган машиналарни тўхтатган, у ердагиларнинг паспортлари рухсатсиз текширилган.

Полиция дарҳол тартибни тиклай олмади. Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 20 киши, жумладан, полиция ходимлари ҳам жабрланган. 

Маҳачқалъа аэропорти фаолияти 6 ноябрга қадар тўхтатилди. 30 октябрга ўтар кечаси Россия гвардиясининг махсус бўлинмалари Маҳачқалъага етиб келди. Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича департаменти оммавий тартибсизликлар факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Айни пайтда Исроил расмийлари Москвани Россия ҳудудидаги яҳудий исроилликларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди. 

«Доғистон ҳукумати учун кеча-ю кундузлик иш тартиби эълон қилинди», — деди республика ҳукумати раҳбари Абдумуслим Абдумуслимов 29 октябр, якшанба куни кечқурун Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар туфайли ташкил этилган тезкор штаб ишини очар экан.

«Биз Фаластин аҳолисига ҳар томонлама ҳамдардмиз ва фуқароларимизнинг ҳис-туйғуларини тушунамиз. Лекин ваҳима тарқатиб бўлмайди. Доғистонликлар азалдан мувозанатли ва адолатли одамлардир. Биз республикадаги вазиятнинг издан чиқишига йўл қўймаймиз», деб таъкидлади у сўнгги воқеаларни шарҳлар экан. 

Кейинроқ Доғистон ҳукумати матбуот хизмати республика шаҳар ва туманларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилди. Улар «текширув ва тиклаш тадбирлари ўтказилгандан сўнг яқин кунларда» Маҳачқалъа аэропорти фаолиятини тиклашга ваъда берди. «Ҳозирда вазият Доғистон Республикаси раҳбари Сергей Меликов ва барча даражадаги ҳокимиятлар назоратида», — дейилади хабарда. 

Мавзуга оид