Жаҳон | 08:44 / 30.10.2023
8029
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда конда ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди

Костенко конидаги авария оқибатида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди. 28 октябр куни эрталаб конда метан портлаши содир бўлганди.

Фото: Str/AFP/Getty Images

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган авария натижасида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди, деб хабар берди 29 октябр, якшанба куни республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Аввалроқ 35 қурбон ҳақида хабар берилган эди. 29 кишининг жасади ер юзасига чиқарилди. Яна бир кончини қидириш давом этмоқда. Фавқулодда қутқарув ишларига 10 та кон-қутқарув гуруҳи жалб этилган.

28 октябрга ўтар кечаси конда метан портлаши содир бўлди. Воқеа содир бўлган пайтда конда 252 киши бўлган, 205 кончи мустақил равишда ер юзасига кўтарилган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сирим Шарипхоновнинг айтишича, қолган одамларни топиш имконияти жуда кичик, аммо қутқарувчилар ҳамон бунга умид қилмоқда.

Коннинг давлат мулкига ўтказилиши

Кон «АрселорМиттал Темиртау» АЖга тегишли. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга ушбу компания билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатишни топширди. Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати Қозоғистон ҳукумати корхонага эгалик ҳуқуқини давлат фойдасига ўтказиш бўйича компания билан келишувни якунлаётганини маълум қилди. «АрселорМиттал Темиртау»нинг барча конлари иши тўхтатилди.

Бош прокуратура томонидан конларни қазиб олишда хавфсизлик қоидаларини бузиш (Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича терговга қадар текширув бошланди. Воқеа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси тузилди.

Тўқаев ҳалок бўлган кончиларнинг яқинлари билан учрашиб, уларга барча зарур ёрдамни кўрсатишга ваъда берди. У 29 октябрни Қозоғистонда мотам куни деб эълон қилди. Россия, Беларус, Қирғизистон, Франция ва Ўзбекистон президентлари ҳамда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги кончилар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«АрселорМиттал» конларидаги авариялар

«АрселорМиттал Темиртау» АЖ ArcelorMittal халқаро пўлат концерни таркибига киради ва Қозоғистондаги 15 та кўмир ва темир руда конларига эгалик қилади. Компания объектларида фавқулодда вазиятлар, жумладан, одамларнинг ҳалок бўлиши бир неча марта содир бўлган.

Шу тариқа, 17 август куни «Казахстанская» конида конвейер лентаси ёниб кетди. Ўша пайтда конда 227 киши бўлган, улардан 222 нафари эвакуация қилинган, 13 киши жароҳатланган ва беш киши ҳалок бўлган. «Казахстанская» конидаги ёнғин ҳалигача ўчирилмаган. 27 август куни «Саранская» конида ёнғин содир бўлди, қурбонлар йўқ. 

Қозоғистон президенти Тўқаев ўша вақтда «хорижий компанияга тегишли корхоналарда бахтсиз ҳодисаларнинг давом этиши унинг инвестиция ва бошқа мажбуриятлари жиддий бузилганидан далолат беради, бу эса кейинчалик Қозоғистон бозорида бўлиши учун тегишли оқибатларга олиб келади», деганди. 

Мавзуга оид