Афғонистонлик ўзбек ўқитувчи тил бўйича маҳаллий ўзбеклар ва «Толибон»га мурожаат қилди
Афғонистондаги ўзбеклар вакили бўлган ўқитувчи Муҳаммад Ашраф Шарифий ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирда мамлакатда яшаётган кўп сонли ўзбеклар ва айни дамда Афғонистон назоратини қўлга олган «Толибон» ҳаракати раҳбариятига мурожаат қилди.
Узоқ йиллардан буён ўзбек тили учун жон куйдириб келаётган ўқитувчи ўзбек тили Афғонистонда давлат тилига айланиши кераклиги, ҳар йили ўзбек тилидаги 10 хил китоб камида 15-20 мингтадан чоп этилиши, маҳаллий телеканалларда кунига камида 2 соат ўзбекча эфирлар берилиши кераклигини айтди.
«Ўзбек тили ривожи учун иккита мурожаатимиз бор: бири халқимизга, иккинчиси масъулларга. Халқимизга мурожаатимиз қуйидагилар: динимиз олимлари маърузаларини ўзбек тилида қилсинлар, илтимос. Тоза арабча ва тоза форсча сўзларни қишлоқларда ҳамма ҳам аниқ тушуна олмайди.
YouTube'да ижод қиладиган ёшларимиз видеоларини ўзбек тилида эълон қилсинлар. Ёш ота-оналар ўз фарзандларига ўзбекча исм қўйсинлар, аёллар ва эркакларга хос ўзбекона кийимлар кийиш ривожлантирилсин, айрим оилавий маросимлар ўзбекона урф-одатларга монан ўтказилсин. Ўзбек бошлиқларимиз ўз идораларидаги расмий йиғинларда ўзбекча гапирсинлар. Айрим сотув марказлари, футбол жамоалари, ишлаб чиқарилаётган савдогарлик матоларига ўзбекча ном берилсин.
Исломий иморат буюкларига (яъни Афғонистонни назорат қилаётган, «Толибон» раҳбариятига – таҳр.) мурожаатимиз: асосий қонунда ўзбек тили давлат тили деб тан олиниши лозим. Ўзбеклар яшаётган ерларда [шунчаки] ўзбек тили ўқитилиши эмас, ўзбекча мактаблар бўлиши асосий қонунда белгиланиши шарт. 1-синфдан 12-синфгача ўзбек тили узлуксиз ўқитилиши биз учун қизил чизиқдир. Камида иккита билим юртида ўзбек тили бўйича бакалавр даражасигача билим беришга шароит яратилиши зарур.
Маҳаллий телеканалларда ўзбек тилидаги дастурлар учун камида икки соат ажратилиши керак. Афғонистон билимлар академиясидаги ўзбек тили ўзбек бўлими кучайтирилиши зарур. Ахборот ва маданият вазирлиги ҳар йили камида 10 хил ўзбекча китобни 15-20 минг нусхада чоп этиши ҳам сўралади», деб нутқини якунлаган ўзбек тили жонкуяри ўз нутқини.
Афғонистонлик ўзбек тили ўқитувчиси Муҳаммад Ашраф Шарифи икки йил аввал – 2021 йил 21 октябр куни, «Толибон» даврида ўтказилган илк ўзбек тили байрамида ҳам ўзбек тилида шеър ўқиганди.
Мавзуга оид
12:41 / 10.11.2024
Тошкентда лицей ўқитувчиси ўқувчини дўппослади
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
20:43 / 09.11.2024
Информатика фани ўқитувчилари ҳам аттестация имтиҳонидан норози
18:05 / 06.11.2024