Жаҳон | 08:32 / 01.11.2023
3906
2 дақиқада ўқилади

БМТ: 18 миллион украиналик инсонпарварлик ёрдамига муҳтож

Украина аҳолисининг 40 фоизи ҳамон ҳуманитар ёрдамга муҳтож ва буни унутмаслик керак, дея маълум қилди БМТ.

Фото: Andriy Andriyenko/Zuma/picture alliance

Украинада 18 миллионга яқин одам ҳуманитар ёрдамга муҳтож ва қиш яқинлашгани сари вазият янада ёмонлашади, деди 31 октябр, сешанба куни БМТнинг Ҳуманитар масалалар бўйича бошқармаси мувофиқлаштириш бўйича директори Рамеш Ражасингхам.

Ражасингхамнинг сўзларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш фонида «Украинанинг ёрдамга бўлган улкан эҳтиёжини унутмаслик» муҳим. Россия қўшинларининг Украинанинг муҳим инфратузилмасига етказган кенг кўламли зарари фуқароларнинг электр, иссиқлик, сув ва алоқа хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланганини англатади, деди Ражасингхам. 

Украина янги қишга ҳозирлик кўрмоқда 

Украина аҳолисининг 40 фоизи ҳуманитар ёрдамга боғлиқ. Бу қишда кутилаётган қаттиқ совуқ ҳисобга олинса, вазият «ўта хавотирли», дея қўшимча қилди БМТ бошқармаси директори. Ташкилот, айниқса, Россия томонидан эгаллаб олинган Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятларидаги қарийб тўрт миллион аҳолининг аҳволига эътибор қаратди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг идораси ишғол остидаги «маҳаллий халқ билан тўлиқ алоқа ўрната олмаяпти», дея тушунтирди Ражасингхам. 

Бир кун олдин ҳафталик Time журнали Украинада президент Володимир Зеленский жамоасидаги вазиятни баҳолашга бағишланган мақола чоп этди. Украина инфратузилмасини қишки совуққа тайёрлаш учун масъул бўлган уч юқори мартабали амалдор Time нашрига келгуси қишда электр таъминотидаги узилишлар ўтган йилгидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтди. 

Мавзуга оид