Жаҳон | 16:06 / 01.11.2023
4638
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ЙТҲда вафот этганларнинг 70 фоизи ўлимига тезликни ошириш сабаб бўлган

Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил Ҳиндистон йўлларида йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 168 491 киши вафот этган.

Фото: Getty Images

Дунё автомобилли аҳолисининг атиги 1 фоизи Ҳиндистонда яшайди, бироқ мамлакат ўлим билан якунланган ЙТҲлар сони бўйича дунёда энг юқори кўрсаткичга эга.

Ҳиндистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда ўлим билан тугаган ЙТҲлар 2021 йилдагига нисбатан 9,4 фоизга ортган. Қайд этилишича, ҳар 10 кишидан 7 нафари ёки 70 фоизи тезликни меъёрдан ошириш оқибатида ҳалок бўлган. 

Таъкидланишича, Ҳиндистонда йўл транспорт ҳодисалари асосан ҳайдовчиларнинг уқувсизлиги, йўллар ва автомобилларнинг яроқсизлиги ортидан рўй беради. Вазирлик ҳисоб-китобига кўра, мамлакат 2022 йилда кунига 462, соатига эса 19 кишини ЙТҲ сабаб йўқотган.

ЙТҲларда ўтган йилнинг ўзида 443 минг киши жароҳатланган. Бу эса ўз навбатида 2021 йилдагидан 11,9 фоизга кўп. Жабрланганларнинг ярмидан кўпини пиёдалар, велосипедчилар, мототциклчилар ташкил қилади. Ҳалок бўлганларнинг 84 фоизи эса 18–60 ёш орасидаги меҳнатга лаёқатли кишилар бўлган. 

Бундай бахтсиз ҳодисаларнинг энг кўпи жанубий штатлардан бири Тамил Надуда қайд этилган, ундан кейинги ўринни марказий Мадҳя Прадеш штати банд этган. Масъулларга кўра, мамлакатда 2020 йилда, Cоvid-19 коронавирус пандемияси вақтида ЙТҲлар билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада камайган.

Хусусан, 2020 йилнинг март ва апрел ойларида ЙТҲлар ва ундаги ўлимлар билан боғлиқ ҳолатлар «мисли кўрилмаган даражада» камайган. Бунга эса мамлакат бўйлаб жорий этилган карантин сабаб қилиб кўрсатилган. 

Шунингдек, вазирлик йўлларни яхшилаш, автомобиллар йўлларида назоратни ошириш ва «оғир жарималар» билан ҳолатни яхшилашга ҳаракат қилаётганини билдирди. 

Ўтган ойда Money Control’га интервью берган транспорт вазири Нитин Гадкари фуқаролар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаса, ҳукуматнинг жараёнга аралашуви етарли бўлмаслигини қайд этган.

 

Мавзуга оид