Ўзбекистон | 17:55 / 02.11.2023
11061
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция президентлари биргаликда дарахт экди

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон Ўзбекистоннинг антик давр, ўрта асрлар ва темурийлар даврини ўз ичига олган маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишди.

2 ноябр куни Самарқандда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишди.

Кўргазмада мамлакатнинг 7 та музейидан экспонатлар жамланган. У 3 та бўлимдан иборат. Биринчи бўлим қадимги давлатлар даври, маданиятларнинг Ипак йўли орқали тарқалиши, Кушонлар империяси ҳақида бўлиб, ҳайкалчалар, тилла буюмлар ва тангалар намойиш этилган. Уларнинг айримлари Ўзбекистон ва Франция олимларининг биргаликдаги экспедициясида топилган.

Иккинчи бўлим қадимги ва ўрта асрларда санъат ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши, йўллар ва карвонлар мавзуси билан таништиради.

Учинчи бўлим Ренесеанс ва Темурийлар даврида Марказий Осиёда ислом динининг тарқалиши, маданият ва илм-фан ривожланиши ҳақида. Бу ерда меҳмонлар Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби улуғ алломаларнинг қўлёзмалари билан танишиши мумкин. Бу бўлим буюк ҳукмдор Амир Темур сиймоси атрофида ташкил этилган бўлиб, унда ўша даврга оид безак буюмлари ва Франция қиролининг Соҳибқиронга йўллаган мактуби тақдим этилган.

«Кўргазма Франция президенти ва делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди», дейилади хабарда.

Сўнг давлат раҳбарлари мамлакатларни янада яқинлаштириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилиш белгиси сифатида Конгресс маркази боғида дарахт экди, дея таъкидлади президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президентининг ижтимоий тармоқлардаги каналларида икки давлат раҳбарларининг Регистон мажмуасига ташрифи акс этган видеолавҳалар ҳам жойлаштирилди.

 

Мавзуга оид