Жаҳон | 09:34 / 06.11.2023
9606
3 дақиқада ўқилади

Энтони Блинкен Рамаллоҳда Маҳмуд Аббос билан учрашди

АҚШ Давлат котиби Рамаллоҳда ФММ раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди. У Вашингтоннинг фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди.

Фото: PPO/AFP

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Ғарбий соҳилдаги Рамаллоҳда Ғазо секторидаги Фаластин аҳолисини ҳимоя қилишга чақирди. 5 ноябр, якшанба куни Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос билан бўлиб ўтган учрашувда у ҲАМАС гуруҳи назорати остидаги ҳудуддан фаластинликларнинг чиқариб юборилишига қарши чиқди.

Блинкен Аббосга Вашингтон нуқтайи назаридан ФММ Ғазо сектори келажагида марказий рол ўйнаши кераклигини айтди, деб ёзади Reuters Давлат департаментининг юқори мартабали мулозимига таяниб. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Блинкен Аббос минтақа келажагини шакллантириш бўйича вазифаларни амалга оширишни ўз зиммасига олмоқчи деган фикрда бўлган.

Томонлар, шунингдек, Ғарбий соҳилда «фаластинликларга қарши зўравонликларни тўхтатиш зарурлиги ҳақида» гаплашди, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер. Ўз навбатида, Аббос Ғазо секторидаги «геноцид» ҳақида айтди, унинг сўзларига кўра, бу Исроил томонидан амалга оширилмоқда. У Исроил ҳукуматини Ғазода Фаластин халқига қарши жиноятларда, халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузганликда айблади. Блинкен АҚШнинг Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш мажбурияти ҳақида маълум қилди.

Блинкен Туркияга учиб келди

Блинкен аввалроқ Исроилга кутилмаган ташрифни амалга оширди, кейин эса Рамаллоҳга сафар қилди, бу 7 октябрдан кейин Фаластин ҳудудларига биринчи ташриф. ОАВ хабарига кўра, учрашувдаги масалалардан бири уруш тугаганидан кейин Ғазо секторининг келажаги бўлган. Аввалроқ Блинкен Ғазо сектори ФММ назоратига ўтиши кераклигини айтган эди.

5 ноябр куни кечқурун давлат котиби Туркияга учиб келди ва у ерда «Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш» бўйича эҳтимолий ечимларни, жумладан «Фаластин давлатини яратиш»ни, Америка ташқи сиёсатини муҳокама қилиш ниятида. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид