Жаҳон | 08:34 / 06.11.2023
6909
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Ғазо сектори шимол ва жанубга бўлинганини эълон қилди

Исроил мудофаа кучлари Ғазо шаҳрини жанубий қирғоқдан ўраб олди, ҲАМАСга қарши ҳужумлар давом этмоқда, деди ЦАҲАЛ вакили.

Фото: Abed Khaled/AP Photo/picture alliance

Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторидаги қуруқликдаги операцияси фаластинликлар яшовчи қирғоқ чизиғини икки қисмга бўлди. Исроил кучлари Ғазо шаҳрини жанубий қирғоқдан ўраб олди ҳамда «ҳозир Ғазо секторининг жануби ва Ғазо секторининг шимоли бор», деди 5 ноябр, якшанба куни ЦАҲАЛ матбуот котиби Даниэл Хагари. Шу билан бирга, Ғазони назорат қилаётган ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлар чоғида «ҳал қилувчи» ҳужумлар давом этмоқда, деди у.

Исроил қуролли кучларининг Telegram-каналида Ғазо сектори қирғоқлари бўйлаб позициялар эгаллаб олингани ҳақида хабар берилган. Исроилнинг 36-армия дивизияси қуруқликдаги операцияларни кенгайтириш доирасида чизиқнинг шимолий ҳудудларига ҳужум қилди, унинг вазифаси Ғазо шаҳридаги ҲАМАС кучларини ўраб олиш ва гуруҳнинг алоҳида нишонларини йўқ қилишдир. Баёнотда айтилишича, дивизия ҲАМАСга қарашли 1600 дан ортиқ нишонларга, жумладан, инфратузилма, қурол-яроғ омборлари, танкка қарши ракета отиш мосламалари ва кузатув постлари ҳамда жангчиларга зарба берди.

Аввалроқ ЦАҲАЛ қатор мамлакатларда оммавий норозилик намойишлари ва ўт очишни тўхтатиш талабига қарамай, ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётлар давом этишини маълум қилган эди. Ғазо секторида 27 октябрда бошланган қуруқликдаги операция давомида 2500 дан ортиқ нишонларга зарба берилди, 5 ноябрга ўтар кечаси эса гуруҳнинг «ҳарбий базаси» йўқ қилинди, деди ЦАҲАЛ вакили. Хагарининг сўзларига кўра, ҲАМАС ва унинг раҳбари Яҳё ас-Синвар вайрон бўлган Ғазони кўрсатишга ҳаракат қилиб, у ердаги одамларнинг азоб-уқубатлари учун Исроилни жавобгарликка тортишга эришмоқчи.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 9 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид