Жаҳон | 13:00 / 07.11.2023
6511
4 дақиқада ўқилади

БМТ агентликлари Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатишга чақирди

«Етарди. Бу зудлик билан тўхтатилиши керак», - дейилади БМТнинг 18 гуманитар ташкилоти баёнотида. Бир ой ичида Ғазо секторида БМТнинг 88 нафар ходими ҳалок бўлди.

Фото: Getty images

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий агентликлари, жумладан, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарлари камдан-кам учрайдиган қўшма акцияда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

«Деярли бир ойдан бери халқаро ҳамжамият Исроил ва босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вазиятнинг ривожланишини кузатмоқда, ҳалок бўлганлар сони ортиб бораётганидан ғазабланмоқда. Бизга зудлик билан гуманитар сулҳ керак. 30 кун ўтди. Етарли, буни дарҳол тўхтатиш шарт», — дейилади 5 ноябр куни эълон қилинган баёнотда. Уни БМТнинг 18 гуманитар ташкилоти вакиллари имзолади. 

Декларация муаллифларининг эслатишича, ҲАМАС жангчиларининг Исроилдаги ҳужуми натижасида 1400 га яқин одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар яраланган, 200 дан ортиқ киши, жумладан, болалар гаровга олинган. «Бу даҳшатли. Лекин Ғазо секторида бундан ҳам кўпроқ тинч аҳолининг даҳшатли ўлдирилиши, 2,2 миллион фаластинлик озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр ва ёнилғи таъминотидан узилиб қолгани каби энг ёмон ҳолат», - дейилади ҳужжатда. 

Унинг муаллифлари, шунингдек, ҲАМАС ташкилоти назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларини тақдим этди: 9000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, улардан - 3900 нафари болалар. Бу маълумотларни мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ. 

«Биз яна бир бор гаровга олинган барча тинч аҳолини зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирамиз. Тинч аҳоли ва инфратузилма, жумладан, шифохоналар, бошпаналар ва мактаблар ҳимоя қилиниши керак. Кўпроқ ёрдам - озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва, албатта, ёнилғи келиши керак», — дея маълум қилди БМТ. 

Ғазо секторида БМТ агентлигининг 88 нафар ходими ҳалок бўлди 

Ҳужжатда, шунингдек, 7 октябрдан бери Ғазо секторида ўнлаб ёрдам ходимлари, жумладан, БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг 88 нафар ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. 

Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ходимларининг битта тўқнашувда қурбон бўлган энг юқори кўрсаткичидир, дейилади баёнотда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид