Спорт | 21:06 / 07.11.2023
17688
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда шахмат бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши мумкин 

ФИДЕ комиссияси Ўзбекистон пойтахтига келиб, тегишли мажмуалар, зарур объектлар билан танишган. 

Тезкор шахмат (рапид ва блиц) бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати 2023 йил декабр ойи охирида Тошкентда ўтказилиши мумкин. 

Қайд қилинишича, ФИДЕ комиссияси Ўзбекистон пойтахтига келиб, тегишли мажмуалар, зарур объектлар билан танишиб кетган. Шундан сўнг, турнирни ўтказиш бўйича шартномани тақдим қилган. Бироқ, маблағ масаласидаги ноаниқлик туфайли келишувга эришилмаган. 

Регламентга биноан ФИДЕ жаҳон чемпионати харажатларининг 50 фоизини, мезбон тараф эса қолган қисмини кўтариши керак. 

Тезкор шахмат бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати Ҳиндистонда ўтказилиши керак эди. Аммо, кўпчилик шахматчилар, ФИДЕ ижро қўмитаси вакиллари мусобақани Тошкентда ёки Дубайда ўтказиш таклифини илгари сурган. Агар молиявий масалалар ўз ечимини топса, жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилади. 

Тезкор шахмат бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда норвегиялик Магнус Карлсен ҳам рапид, ҳам блиц йўналишида жаҳон чемпиони бўлган.

Мавзуга оид