Россия Ҳаага судининг яна бир судясини қидирувга берди
Бу ҳақдаги маълумотлар Россия Ички ишлар вазирлигининг қидирув маълумотлар базасида пайдо бўлди. Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганлардан бири судя Серхио Херардо Угалде Годинес эди.
Россия Ички ишлар вазирлиги Ҳаагадаги Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) яна бир судяси - Серхио Херардо Угалде Годинесни қидирувга берди. Бу ҳақда 8 ноябр, чоршанбага ўтар кечаси Россия маҳкамаси қидирув базасида тегишли карточка пайдо бўлганидан кейин маълум бўлди. ХЖС судяси аниқ қайси модда бўйича қидирувга берилгани айтилмаган.
Коста-рикалик Серхио Херардо Угалде Годинес, Розарио Салваторе Айтала (Италия) ва Томоко Аканэ (Япония) билан бирга 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин ҳамда болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берган ХЖСнинг уч аъзосидан бири ҳисобланади. Ҳаага судига кўра, улар «аҳоли (болалар)ни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилишга алоқадор».
Россия ХЖС аъзоларини таъқиб қилишга уринмоқда
Аввалроқ, 20 март куни Россия Тергов қўмитаси ушбу судяларга, шунингдек, ХЖС прокурори Карим Хонга нисбатан жиноий иш қўзғатган эди.
25 сентябр куни Россия ХЖС раиси Петр Хофманский (Полша), ХЖС биринчи вице-президенти Луса дел Кармен Ибанес Карранса (Перу) ва германиялик судя Бертрам Шмиттни қидирувга берди.
Бундан ташқари, 27 июл куни ИИВнинг қидирувлар базасида ХЖС судяси Томоко Аканэ, 22 июн куни Розарио Айталанинг карточкаси пайдо бўлди, 19 май куни эса Карим Хон қидирувга берилган.
ХЖСга аъзо тўрт давлат Россия ҳақида баёнот берди
Буюк Британия, Коста-Рика, Италия ва Япония 7 август куни қўшма баёнот бериб, унда Россияда ХЖС прокурори Карим Хонга, шунингдек, ХЖСнинг уч судьясига нисбатан жиноий иш қўзғатилишидан чуқур хавотир билдирди. «Россия суднинг мандатига путур етказишда давом этаётганидан афсусдамиз ва биз суд томони, унинг мансабдор шахслари ва ходимлари, шунингдек, у билан ҳамкорлик қилувчи шахслар бошқа иштирокчи-давлатлар билан биргаликда қолишга қатъиятимизни яна бир бор таъкидлаймиз», дейилади Буюк Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган баёнотда.
ХЖС юрисдикциясини дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари, жумладан, юқоридаги баёнот муаллифлари бўлган давлатлар ҳам тан олган. Россия ҳам, Украина ҳам, АҚШ ҳам бундай давлатлар қаторига кирмайди.
Украиналик болалар масаласи
27 апрел куни Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) резолюция қабул қилди, унга кўра, Россия томонидан болаларни Украинадан депортация қилиш жиноят элементи ҳисобланади. Ҳужжатда айтилишича, болалар кечиктирмасдан ўз оилаларига қайтарилиши, бу жиноятларнинг айбдорлари жавобгарликка тортилиши керак.
Қарорда, шунингдек, Донбасснинг эгаллаб олинган ҳудудларида жойлашган меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлардаги украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш амалиёти Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларидан олдин бошлангани қайд этилган. Аммо 2022 йил 24 февралдан кейин бу жараён сезиларли даражада кучайди. Украина расмийларига кўра, етти мингга яқин бола мажбуран Россияга олиб кетилган бўлиши мумкин, бироқ уларнинг аниқ сони номаълум.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:14 / 12.11.2024