Иқтисодиёт | 11:48 / 09.11.2023
17812
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кўпайди

Сентябр ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 1,86 млрд долларга ошди. Бу жаҳон молия бозорида олтин нархларининг қимматлашиши билан боғлиқ.

Фото: Getty images

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 ноябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 32,9 млрд долларни ташкил қилди.

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 1,86 млрд долларга ошган бўлса-да, йил бошидан бери 2,8 млрд долларга камайган.

Ҳисобот даврида олтин захиралари қиймати 23,1 млрд доллардан 24 млрд долларгача кўпайган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 12,3 млн троя унсиясидан 12 млн троя унсиясига камайган. Жаҳон бозорида олтин нархлари қимматлашиши фонида олтин захираларининг қиймати ҳам ортган.

Шунингдек, сентябр ойида хорижий валюта захиралари қиймати 7,4 млрд доллардан 8,4 млрд долларгача ўсган. 

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид