Жаҳон | 13:10 / 09.11.2023
6388
3 дақиқада ўқилади

ЕИ суди россиялик олигархга қарши санкцияларни бекор қилишдан бош тортди

Дмитрий Мазепиннинг ЕИдаги маблағлари музлатилган ҳолда қолади - Европа Иттифоқи суди россиялик олигархнинг апелляциясини рад этди. Европа Иттифоқи суди, шунингдек, Лукашенкога алоқадор беларуслик тадбиркорларга қарши санкцияларни ҳам тасдиқлади. 

Дмитрий Мазепин Фото: Mikhail Metzel/ZUMA Wire/IMAGO

Европа Иттифоқи суди россиялик тадбиркор, «Уралхим» гуруҳи асосчиси Дмитрий Мазепинга нисбатан санкцияларни тасдиқлади. У Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилишига эътироз билдиришга уринганди. Суд 8 ноябр, чоршанба куни эълон қилинган қарорга кўра, Мазепин илгари сурган далилларни рад этди, унинг маблағлари музлатилган ҳолда қолади ва унинг ўзи ҳамон Европа Иттифоқи ҳудудига кира олмайди

Суд Россиянинг Украинада кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлари биринчи кунида Мазепин бошқа ишбилармонлар қатори Россия президенти Владимир Путин ва Россия ҳукумати бошқа аъзолари билан учрашувда қатнашганини, унда Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиётига оқибатлари муҳокама қилинганини эслатди. Мазепиннинг ушбу учрашувга таклиф этилгани «унинг ҳокимиятга яқин доирага кирганини ва Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши ёки амалга оширишини кўрсатади», дейилади ҳужжатда. 

Суд, шунингдек, ЕИ кенгашининг Мазепинни санкциялар рўйхатига киритиш ҳақидаги қарорини асосли деб атади, чунки Мазепин «Россия ҳукумати учун муҳим даромад манбаларини таъминловчи иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритувчи етакчи тадбиркорлардан» биридир. 

Дмитрий Мазепин 2022 йил 9 мартда Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. Кўп ўтмай, у «Уралхим» акцияларининг назорат пакетини сотганини эълон қилди ва чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан апелляция берди. У икки ой ва ўн кун ичида жорий суд қарори устидан ЕИнинг Люксембургдаги олий суд органига шикоят қилиши мумкин. 

Европа Иттифоқи суди Лукашенкога алоқадор беларуслик тадбиркорларга нисбатан санкцияларни бекор қилишдан бош тортди

Шу куни Европа Иттифоқи суди беларуслик ишбилармонлар Николай Воробей ва Алексей Зайцев, шунингдек, уларнинг «Бремино Групп» компаниясига нисбатан 2020 йилда киритилган чеклов чораларини тасдиқлади.

Суд Европа Иттифоқи кенгашининг Воробейни қора рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорини асосли деб топди, хусусан, тадбиркор «Лукашенко режимидан фойда кўриши ва уни қўллаб-қувватлаши» айтилади, чунки «Бремино Групп» компанияси Беларус ҳокимият органлари томонидан солиқ имтиёзлари ва бошқа қўллаб-қувватловлардан фойдаланган.

Суд Зайцевнинг шикоятини ҳам рад этди. Европа Иттифоқи кенгаши тадбиркор ва Александр Лукашенконинг собиқ ёрдамчиси 2020 йилда санкциялар рўйхатига киритилишини Беларус раҳбари оиласига яқинлашув туфайли Зайцев ўз корхоналари учун фойдали шартномалар олиши ва Лукашенко режимини қўллаб-қувватлаши билан асослади. 

Мавзуга оид