Жаҳон | 15:38 / 10.11.2023
9995
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ёрдам учун ажратилган маблағнинг 96 фоизини сарфлаб бўлди

Оқ уй вакили Жон Кирби АҚШ Конгрессини президент Байденнинг Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровини маъқуллашга чақирди.

Фото: BRENDAN SMIALOWSKI/AFP/Getty Images

АҚШ ҳукумати Конгресс томонидан Украинага ёрдам бериш учун маъқулланган деярли барча маблағларни сарфлаб бўлди, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. «Уруш бошидан бери Украинага ажратилган маблағларнинг умумий миқдоридан - бу 60 миллиард доллардан ошади, ва гап нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий, молиявий ва гуманитар ёрдам ҳақида ҳам боряпти - биз 96 фоизга яқинини сарфлаб бўлдик», деди Кирби 8 ноябр, чоршанба куни Оқ уйдаги брифингда.

Агар фақат ҳарбий ёрдам ҳақида гапирилса, унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағнинг 90 фоиздан ортиғи сарфланган. «Мудофаа вазирлигида қиш учун захираларни тўлдиришга тахминан 1,1 миллиард доллар қолди», дея қўшимча қилди Кирби. У яна бир бор АҚШ президенти Жо Байденнинг Украинага қўшимча ёрдам ҳақидаги сўровини маъқуллаш зарурлигини таъкидлади.

Байден Конгрессдан Украина учун яна 61,4 млрд доллар талаб қилмоқда

Октябр ойида Байден АҚШ Конгрессига Украинага бир йил муддатга 61,4 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар ҳамда қўшимча маблағ сифатида 31 миллиард доллар, жумладан, Фаластин аҳолисига ёрдам бериш учун 10 миллиард доллар, АҚШ-Мексика чегарасини ҳимоя қилиш учун 13,6 миллиард ва бошқа миллий хавфсизлик устуворликлари учун 7,4 миллиард ажратиш сўровини юборган эди. АҚШ президенти Конгрессдан сўраган маблағнинг умумий миқдори 106,7 миллиард долларни ташкил этди. 

АҚШ Сенати 7 ноябр куни Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС ташкилотига қарши курашида Украинага бир вақтнинг ўзида кўмак кўрсатмасдан ёрдам бериш учун 14,3 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини блоклади. 2 ноябр куни у республикачилар кўпчилик бўлган Вакиллар палатаси томонидан маъқулланган, бироқ демократлар устунликка эга бўлган АҚШ Конгрессининг юқори палатасида овоз беришдан ўта олмади. 

Мавзуга оид