Жаҳон | 22:51 / 10.11.2023
7291
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда паспортга она исмини ёзиш учун берилган рухсат бекор қилинди 

Конституциявий суд паспортга ота исми ўрнига она исмини ёзишга рухсат бериш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилди. 

Фото: KNews

Қирғизистон Конституциявий суди ўз қарорини қайта кўриб чиқиб, мамлакатнинг вояга етган фуқароларига ҳужжатларда отасининг исми ўрнига она исми (матроним) кўрсатишга берилган рухсатни бекор қилди. 

Шу йилнинг 30 июн куни Қирғизистон Конституциявий суди мамлакат Вазирлар Маҳкамасига матроним институтини жорий қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш мажбуриятини юклаган эди. Унга кўра, 18 ёшга тўлган қирғизистонликлар ўз хоҳишига кўра, паспортга ота исми ўрнига онасининг исмини ёздириши мумкин бўларди. 

Конституциявий суд қарори мамлакатда жиддий танқидларга сабаб бўлди: хусусан, давлат котиби Суюнбек Касмамбетов, бош муфтий Замир Рақиев ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бунга қарши чиқди. 

Танқидлар фонида Конституциявий суд вазиятнинг ривожланиши «жамиятнинг таклиф этилаётган ўзгаришларга нисбатан ўта салбий муносабатини кўрсатади», «халқнинг конституциявий адолатга бўлган ишончи даражасини пасайтиради», деб таъкидлади. Шунинг учун суд ўз позициясини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. 

Қирғизистонда ҳозир урф-одатлар бўйича отасининг исмидан кейин «уулу» (ўғли) ёки «кызы» (қизи) сўзлари қўшилган ҳолда ёки совет анъанаси бўйича «вич», «вна» каби шариф қўйиш мумкин.

Мавзуга оид