Ўзбекистон | 18:53 / 13.11.2023
6947
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавирусни даволаш бўйича янги тавсияларни эълон қилди 

Кўрсатмалар госпитализация хавфи юқори ва ўрта бўлган беморларда вирусга қарши баъзи препаратларни қўллаш бўйича тавсияларни ўз ичига олади. 

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирусга чалинган беморларни даволашга доир тавсияларини янгилади. Мазкур қўлланма COVID-19 касаллигини муолажа қилишга тааллуқли янги усулларнинг клиник синовлари бўйича жамланган сўнгги хулосаларга асосланган. 

Янги тавсияларга кўра, коронавирус туфайли шифохонага ётқизиш хавфининг уч асосий тоифаси мавжуд: юқори, ўрта ва паст. 

Кўрсатмалар госпитализация хавфи юқори ва ўрта бўлган беморларда вирусга қарши нирмарелвир-ритонавир препаратини қўллаш бўйича тавсияларни ўз ичига олади. Унга мувофиқ, шифохонага ётқизиш хавфи ўрта ёки паст бўлган ва хасталик енгил ўтаётган беморларга ремдесивир ҳамда молнупиравир дориларини қўллаш тавсия этилмайди. 

Бу препаратлардан фақат юқори хавф гуруҳига мансуб кишиларда тиббий кўрсатмага кўра фойдаланиш таклиф этилади. 

Ўз навбатида, вирусга қарши янги W116 препаратини клиник синовлардан ташқари, касалликнинг оғирлигидан қатъи назар, ҳар қандай даражасида қўллаш тавсия этилмайди. Бундай чеклов коронавирусга чалинган беморларда ивермектин дорисини қўллашда ҳам амал қилиши мақсадга мувофиқ. 

Мутахассислар фикрича, янги тавсиялар COVID-19 касаллигининг айни пайтдаги фаол мутация ва субвариантларига хос хусусиятлар ҳамда глобал эмлаш жараёнидан кейин инсонлар иммунитетида ҳосил бўлган ижобий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид