“Инсонлар ўзини хавфсиз ҳис қилмайдиган шаҳар” — Парламентда Тошкентдаги муаммолар муҳокама қилинди
Ҳалигача бош режанинг йўқлиги, тирбандликларнинг кўпайиб бораётгани, шаҳарсозликдаги ёндашувларни ўзгартириш зарурати ва устуворлик берилмаётган жамоат транспорти. Қонунчилик палатасидаги конференцияда расмийлар ва жамоатчилик фаоллари Тошкент шаҳридаги ўткир муаммолар ҳақида сўз юритди.
16 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида экология масалаларига масъул депутат ва сенаторлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “Шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш” мавзусида конференция ўтказилди.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг 11-мақсадида шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш масалалари белгиланган.
Тадбирда қайд этилишича, сўнгги 6 йилда Ўзбекистонда қурилиш суръати аҳоли сони кўпайишини инобатга олиниб ўсиб бормоқда. Хусусан, бу муддатда 300 мингга яқин хонадон ва шахсий турар-жой бинолари қурилди, шаҳарлар аҳолиси 18 миллиондан ортиб, умумий аҳолининг 51 фоизини ташкил этмоқда. Ижтимоий-иқтисодий жадал ривожланиш, аҳоли сонининг, шунингдек транспорт воситаларининг ортиши шаҳарларни – атроф-табиий муҳитга антропоген таъсир сонасига айлантирмоқда. Тошкент шаҳрида автомобиллардан атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши умумий кўрсаткичнинг 93 фоизини (403 минг тоннани), республика бўйича эса 58 фоизини ташкил этади (1,4 млн тонна).
Gazeta.uz тадбир тафсилотлари, унда сўзга чиққан спикерлар билдирган фикрларни келтириб батафсил материал эълон қилди.
Бош лойиҳасиз Тошкент барқарор ривожлана олмайди
Пойтахт бош режасининг йўқлиги туфайли, тўсатдан кутилмаган қурилишларнинг пайдо бўлиб қолиши шаҳарда транспорт билан боғлиқ муаммоларни ечиш имконини бермаяпти. Бу ҳақиқатни мажлисда қатнашган ИИВ ва Транспорт вазирлиги вакиллари ҳамда урбанист Искандар Солиев ҳам таъкидлаган.
Тошкент кўчаларида вазият қандай?
ИИВ расмийси Машраб Раззоқовга кўра, 2022 йилда Тошкентда рўйхатга олинган автомобиллар сони 730 мингдан ошади. Шунингдек, ҳар йили рўйхатга олинаётган автомобиллар сони тинимсиз ошиб бормоқда. Масалан, 2021-йилда 45 минг автомобил рўйхатга олинган бўлса, 2022-йилда 76 минг автомобил рўйхатга олинган.
Турли маълумотларга кўра, ҳар куни пойтахтга ҳудудлардан 160 мингдан 300 мингтагача транспортда 1,5 миллиондан ортиқ одам кириб келади. (Лекин, кунлик чиқиб кетаётган одамлар ҳақида маълумот йўқ).
“Шаҳар атрофига юрувчи поездлар ва самолётларнинг йўқлиги ёки чипталарнинг қимматлиги Тошкентга кираётган машиналар сонининг сунъий равишда кўпайишига олиб келмоқда”, – деган Раззоқов.
Аҳоли – самолёт, поезд ва шаҳарлараро автобуслар учун билетларни сотиб олиш ҳамда аэропорт/вокзалларга етиб бориб, автобус тўлишини кутиш улар учун ноқулай бўлганидан автомобилни танламоқда.
360 мингдан ортиқ талаблар Тошкент кўчаларидаги йўл тармоғига катта юк бўлмоқда. Чунки уларнинг 54 фоизи эрталабки гавжум вақтда автомобилида ёки таксида юради, деган ИИВ расмийси.
Бундан ташқари, юк машиналарининг ҳаракати тартибга солинмагани оқибатида ҳам тирбандликлар юзага келмоқда. Пойтахтда 50 мингта юк машина рўйхатга олинган бўлса, яна ҳар куни 7 минг юк машинаси шаҳарга кириб келади.
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ҳар куни ишчилар ва талабалар 6 миллионта қатновни амалга оширади. Жамоат транспорти эса бунинг фақат тўртдан бир қисмини ташишга имкони етади.
Атмосферага чиқиндиларни камайтириш борасида қуйидаги таклифлар билдирилган: эски автомобиллар ҳаракатини чеклаш, атмосферани ифлослантирганлик ва икки ёки ундан автомобилга эгалик учун солиқ солиш, жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклар ҳамда велойўлаклар доимий ишлашини таъминлаш, йўл бўйида пулли тўхташ жойларини ташкил қилиш.
ИИВ расмийси тирбандликларнинг олдини олиш учун эса давлат хизматчилари, вояга етмаганлар, талабалар учун бепул жамоат транспорти ҳамда шаҳар атрофига қатнайдиган электропоездлар ташкил қилиш, ер усти (кўприк) ва ер ости пиёдалар ўтиш йўлакларни ташкил қилиш ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни таклиф қилди.
Шаҳаршунос Искандар Солиев эса йўл ўтказгичлар қурилиши, йўл ўтказувчанлигини ошириш мақсадида светофорлар сонини қисқартириш, ер усти пиёдалар ўтиш жойларини ер ости ва ер усти ўтиш жойларига алмаштириш тирбандлик муаммосини янада кучайтиради, дея эътироз билдирди. Шунингдек, мутахассисга кўра, пиёдалар ва велосипедчилар учун шаҳар муҳитининг мавжуд эмаслиги шахсий транспорт воситаларига талабни оширади, айни вақтдаги солиқлар билан жамоат транспорти бепул бўлиши мумкин эмас.
Gazeta.uz журналисти Сабина Бакаева эса яхши ишлайдиган жамоат транспортисиз шаҳарлар барқарор ривожланмаслиги ҳақида айтган.
“Жамоат транспорти яхши ишлаётганининг бир қанча белгилари бор. Масалан, автобуслар учун ажратилган йўлаклар ёки ҳайдовчилар учун кунлик планнинг бекор бўлиши каби...”, – деган Сабина Бакаева.
Журналистга кўра, мингдан ортиқ автобус сотиб олган Тошкентда жамоат транспорти бир қанча олдинга силжишларни амалга оширди, лекин қилинадиган ишлар ҳали кўп.
“Менимча, инсонларга бахт учун дўстона шаҳар муҳити керак: қачонки ўзинг хоҳлаган манзилга хоҳ пиёда, хоҳ велосипед ёки автобусда тинч етиб оласан. Ўз машинангда ҳам асабийлашмасдан етиб оласан, тротуарда юрганда болани қўлидан қўйиб юборишинг мумкин, чунки у хавфсиз ва бирор машинанинг балонлари остида қолиб кетмаслигига ишонасан. Бу тарафдан қараганда, Тошкент – кўчаларда инсонлар ўзини хавфсиз ҳис қилмайдиган, бахтсиз ва асабий одамлар шаҳри”, – деган у.
Бундан ташқари, Бакаева Тошкентда жамоат транспортини ривожлантириш доирасида пуллик автотураргоҳлар қуриш ҳамда ноқонуний тўхтаб туришга қарши курашиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганини таъкидлаган. У депутатлардан пуллик парковкаларга йўл очиш учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл четига парковка қилганлик учун жарима қўллаш бўйича ўзгартиришни тезроқ киритишни сўради.
Экопартия вакиллари, депутат ва сенаторлар тадбирда сўзга чиққан экспертларнинг таклифларини ўрганиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида инобатга олинишини билдирган.
Мавзуга оид
18:30 / 01.11.2024
Қорақалпоғистонда Lacetti каналга тушиб кетиши оқибатида уч йигит ҳалок бўлди
19:25 / 31.10.2024
Тошкентда иссиқлик энергияси тарифи яна оширилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
07:30 / 31.10.2024