Ўзбекистон | 08:02 / 22.11.2023
5775
1 дақиқада ўқилади

Дарахтларни ноқонуний кесган юридик шахслар 99 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин

Сенатга юборилган ҳужжатга кўра, энди дарахт ва буталарни ноқонуний кесган юридик шахслар 99 миллион сўмгача жарима тўлашидан ташқари, уларга ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва 3 йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатасида дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Депутат Одил Тожиевнинг ёзишича, эндиликда дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесадиган фуқаро ёки мансабдор шахс амалда белгиланган жарима миқдоридан ўртача беш баробар кўп жарима тўлашга мажбур бўлади.

Шунингдек, дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун ҳам катта миқдордаги жарима ундирилади.

Яъни, дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик учун юридик шахслар 99 миллион сўмгача молиявий жарима тўлашидан ташқари, уларга ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни уч йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Мавзуга оид