Ўзбекистон | 18:42 / 25.11.2023
15720
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 2 ёшли болани урган тарбиячи ишдан бўшатилди

Когон шаҳридаги хусусий боғчада юз берган нохуш воқеадан сўнг, тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро вилояти, Когон шаҳридаги «Қуёшжон» оилавий нодавлат таълим ташкилоти тарбиячиси билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Аввалроқ, тарбиячи кичик ёшдаги болага қўпол муносабатда бўлгани тасвирланган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Қайд қилинишича, ҳодиса 20 ноябр куни содир бўлган. Видеолавҳада тарбиячи болани бир қўлидан ушлаб, қўпол тарзда кўтаргани, кейин полга қўйиб, ургани кўринади.

Хабарга кўра, унинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова телеграм-канали хабарига кўра, 20 ноябр куни 2021 йилда туғилган бола мазкур мактабгача таълим ташкилотига биринчи марта келгани сабабли инжиқлик қилиб йиғлаган. Муассаса тарбиячиси эса болани урган.

Ҳодиса юзасидан Когон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болага нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Мавзуга оид