Жаҳон | 12:54 / 25.11.2023
6338
4 дақиқада ўқилади

ЖССТ Аш-Шифо шифохонаси директорининг тақдиридан хавотирда

ЖССТ ЦАҲАЛ томонидан ҳибсга олинган Аш-Шифо касалхонаси директори Муҳаммад Абу Салмий ва яна уч тиббиёт ходими тақдиридан хавотирда. Исроил Абу Салмийни ҲАМАС жангчилари билан ҳамкорликда гумон қилмоқда.

Фото: Picture Alliance

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 24 ноябр, жума куни Аш-Шифо шифохонаси директори Муҳаммад Абу Салмий тақдиридан хавотирда эканлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда AFP. Чоршанба куни Абу Салмий ва яна беш нафар тиббиёт ходими Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан ҲАМАС жангчилари билан ҳамкорликда гумонланиб ҳибсга олинди ва Исроил Бош хавфсизлик хизмати («Шин-Бет») томонидан сўроққа олиб кетилди

«Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг уч нафар тиббиёт ходими ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг уч нафар тиббиёт ходими қўлга олинди», — дейилади ЖССТ хабарида. Унга кўра, шундан сўнг икки киши қўйиб юборилган, бироқ яна тўрт кишининг, жумладан Абу Салмийнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ташкилот Исроил томонини «қўлга олиш вақтида уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя этилишини таъминлашга» чақирди. 

Аввалроқ ЦАҲАЛ ва «Шин-Бет» Абу Салмийни ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қарор «директорнинг террорчилик фаолиятига алоқадорлиги юзасидан олиб борилган тергов натижаларига кўра» қабул қилинишини билдирган эди. 

ҲАМАСнинг Аш-Шифо касалхонасидан фойдаланиши

ЦАҲАЛ бир неча бор Ғазо можароси чоғида ҲАМАСнинг юқори мартабали амалдорлари Аш-Шифо касалхонаси остидаги туннелларга яширинганини, шундан сўнг мажмуанинг ўзи ерости ҳарбий базасига айлантирилганини бир неча бор таъкидлади.

ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлагандан сўнг, Исроил ҳарбийлари касалхонага ҳужум қилиб, уни назоратга олди, шифохона остидаги туннеллар ва гўёки шифохонадан ҳарбий мақсадларда фойдаланилганига оид видеоларни эълон қилди.

ЦАҲАЛ вакили Даниэл Хагарининг сўзларига кўра, Ғазо секторидаги Ар-Рантиси ва Ал-Қудс каби бошқа касалхоналарда ҳам ҳамасчилар ҳаракати излари топилган. «Бу тасодиф эмас, бу - ҲАМАС операцион тизими», деди Хагари.

24 ноябр куни ЦАҲАЛ Аш-Шифо остидаги туннеллар тизимини йўқ қилганини билдирди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

24 ноябр куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида тўрт кунлик оташкесим кучга кирди, биринчи кунда 13 нафар исроиллик ва 11 нафар хорижлик озод этилди. Бунга жавобан Исроил 39 нафар фаластинликни қамоқхоналардан қўйиб юборди. Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 200 та юк машинаси етиб келди. 

Мавзуга оид