Жаҳон | 16:30 / 26.11.2023
9731
3 дақиқада ўқилади

2023 йилги Глобал тинчликсеварлик индексида Ўзбекистон 86-ўринда қайд этилди

«Глобал тинчликсеварлик индекси» (Global Peace Index) мамлакатларни беш тоифага ажратади: тинчликсеварлик даражаси бўйича «ўта юқори», «юқори», «ўртача», «паст» ва «ўта паст» каби кўрсаткичлар берилади. Ўзбекистон бу йилги рейтингда икки ўринга пастлаган, 86-ўриндан жой эгаллаб, «ўртача» даражасини сақлаб қолган.

Ўзбекистон 86-ўринга лойиқ кўрилган ва тинчликсеварлик «ўртача» даражали мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ўзбекистон 2022 йилдаги ўрнидан 2 ўринга пастлаган.

Марказий Осиё вакилларидан Қозоғистон — 76, Туркманистон — 100, Қирғизистон — 101, Тожикистон — 102-ўринда жойлашган. 

Афғонистон эса рўйхатнинг энг сўнгги — 163-ўрнидан жой олган. Тинчликсеварлик даражаси «ўта паст» — қизил зонадан Афғонистондан ташқари, Яман, Сурия, Жанубий Судан, Конго Демократик Республикаси, Россия, Украина, Сомали, Судан, Ироқ, Мали ва Марказий Африка Республикаси каби давлатлар ўрин олган.

Турли ташкилотлар доирасида Ўзбекистон билан ҳамкор давлатлардан Хитой — 80, Гуржистон — 94, Озарбойжон — 95, Саудия Арабистони — 119, Ҳиндистон — 126, АҚШ — 131, Покистон — 146, Туркия ва Эрон — 147-ўринда.

Энг хавфсиз давлатлар ўн тўртта бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: Исландия, Дания, Ирландия, Янги Зеландия, Австрия, Сингапур, Португалия, Словения, Япония, Швейцария, Канада, Чехия, Финландия, Хорватия.

«Глобал тинчликсеварлик индекси» (Global Peace Index) — Тинчлик институти ҳамда Сидней университетининг тинчлик ва можароларни ўрганиш марказининг социологлар ва иқтисодчилардан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилади. У мамлакатлар ва минтақаларда яшаш хавфсизлигини кўрсатади.

Бу индекс илк марта 2007 йилда ҳисоблаб чиқилган. Ўшанда ушбу индекс мамлакатларни яшаш хавфсизлигига қараб ажратишга дастлабки уриниш сифатида тилга олинган.

Манба сифатида Uppsala Conflict Data Program, The Economist Intelligence Unit, Қочқинлар ишлари бўйича БМТ олий бош комиссари бошқармаси, БМТнинг Survey of Criminal Trends and Operations of Criminal Justice Systems шарҳи, Лондондаги Кингс коллежидаги International Center for Prison Studies, Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг The Military Balance шарҳи, Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институтининг Arms Transfers Database базасидан фойдаланилади.

Хавфсизлик даражаси қуйидаги 23 та мезон бўйича ҳисоблаб чиқилади:

Ички ва ташқи урушлар сони, ички ва ташқи урушда ўлганлар сони, ташкиллаштирилган ички можаролар сони, қўшни давлатлар билан муносабатлар, фуқаролар ўртасидаги ишончсизлик даражаси, аҳоли сонига нисбатан қочқинлар фоизи, сиёсий беқарорлик, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, террорчилик актлари эҳтимоли, қотилликлар сони, оғир жиноятлар сони, кескин намойишлар эҳтимоли, маҳбуслар сони, полиция ва махсус хизматлар офицерлари сони, ҳарбий харажатларнинг ЯИМдаги улуши, ҳарбий хизматчилар сони, оддий қурол-яроғлар импорти ва экспорти, БМТ, НАТО ва бошқа ҳарбий алянслар қўшинлари сафида ҳарбий иштирок, оғир қурол-яроғлар сони, енгил калибрли ўқотар қуролга эга бўлиш даражаси, армия имкониятлари ва ҳарбий кучларнинг модернизациялашганлиги. 

Мавзуга оид