Жаҳон | 16:01 / 27.11.2023
6056
3 дақиқада ўқилади

18 давлат сунъий интеллект технологияларини хавфсиз қилишга чақирди

АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлар сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича келишув имзолади. 

Фото: Getty images

АҚШ, Буюк Британия, Германия ва яна 15 давлат истеъмолчиларни сунъий интеллектдан (СИ) нотўғри фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича келишув имзолади. 27 ноябр, душанба куни чоп этилган 20 саҳифалик ҳужжат сунъий интеллект тизимларини тажовузкорлардан ҳимоя қилиш бўйича сунъий интеллект компанияларига тавсиялар беради. 

Хусусан, сунъий интеллектни ишлаб чиқувчи ва жорий этувчи компаниялар кибержиноятчиларнинг улардан фойдаланишига йўл қўймаслик ва фойдаланувчилар махфий маълумотларининг учинчи шахсларга етиб боришининг олдини олиш учун ушбу тизимларни «тузилмаси бўйича хавфсиз» қилиши тавсия этилади. Шу билан бирга, СИ билан ишлашнинг барча босқичларида потенциал хавфларни ҳисобга олиш керак: ишлаб чиқиш, амалга ошириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишда. 

«СИ тизимлари стандарт киберхавфсизлик таҳдидлари билан бир қаторда, кўриб чиқилиши керак бўлган янги заифликларга дучор бўлиши мумкин. Ривожланиш тезлиги юқори бўлганда - сунъий интеллектда бўлгани каби - хавфсизлик кўпинча сўнгги ўринни эгаллаши мумкин. Бироқ, хавфсизлик фақат ишлаб чиқиш босқичида эмас, балки тизимнинг бутун ҳаётий цикли давомида ҳам асосий талаб бўлиши керак», — дейилади ҳужжатда. 

Кўрсатмалар мажбурий эмас, бироқ экспертлар фикрича, 18 давлат иштирокидаги келишув муҳим қадамдир. АҚШ Киберхавфсизлик бошқармаси ва Инфратузилма хавфсизлиги агентлиги директори Жен Истерлининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатда СИ технологиялари «бозорга тезда олиб келиниши мумкин бўлган ажойиб хусусиятлар эмас» - уларни ишлаб чиқишдаги энг муҳим жиҳат хавфсизлик эканлиги таъкидланади. 

Аввалроқ Европа Иттифоқи, Германия, Франция, АҚШ ва бошқа баъзи давлатлар, шунингдек, йирик IT-концернлари вакиллари, жумладан ChatGPT’ни яратган Open AI компанияси менежерлари ҳамда Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск «Блечли декларацияси»ни имзолаган эди. У сунъий интеллект технологияларини хавфсиз ишлаб чиқиш ва жорий этишга чақиради. 

Мавзуга оид