Жаҳон | 14:10 / 29.11.2023
5448
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда туннел қулаши: 17 кундан кейин барча ишчилар қутқарилди

Ҳиндистон шимолида қулаган туннел вайроналари остидан барча ишчилар қутқариб олинди, деб хабар берди расмийлар. Улар 17 кун давомида ер остида бўлган.

Фото: Francis Mascarenhas/REUTERS

Ҳиндистон қутқарувчилари мамлакат шимолидаги Уттаракханд штатида қулаган йўл туннели вайроналари остида қолиб кетган 41 ишчини чиқариб олди, деб хабар берди маҳаллий ҳукумат 28 ноябр, сешанба куни. Қутқарув операцияси 17 кун давом этган.

Штат бош вазири Пушкар Сингх Дхами Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида қутқарилган одамларни ҳинд расмийлари кутиб олгани акс этган видеони жойлаштирган ҳолда: «Сабр, меҳнат ва умид ғалаба қозонди», деб ёзди

Ҳиндистон транспорт вазири Нитин Гадкарининг айтишича, туннел қулаши натижасида еростида қолиб кетган барча ишчилар «муваффақиятли қутқарилганидан жуда хурсанд». Унинг сўзларига кўра, бу сўнгги йиллардаги «энг муҳим қутқарув операцияларидан бири бўлди». 

«Сизнинг жасоратингиз ва сабр-тоқатингиз барчага илҳом бахш этади», деди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди қутқарилган ишчиларга мурожаат қилиб.

Қутқарувда юздан ортиқ одам иштирок этди 

12 ноябр куни Уттаракханддаги йўл туннели қулаб тушди ва унинг ичида 41 ишчи қолиб кетди. У «Чар-Дхам» транспорт лойиҳаси доирасида қурилган бўлиб, унга кўра штатда 825 км узунликдаги шоссе очилиши режалаштирилган. 

Қутқарув операциясига юздан ортиқ одам жалб қилинган. Бунинг учун қутқарувчилар томонидан қазилган қудуқ орқали ишчилар билан алоқа сақлаб қолинди. У орқали уларга озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказилди.

Мавзуга оид