Жаҳон | 22:49 / 30.11.2023
14423
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Қуддусдаги теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олди 

Эрта тонгда автобус бекатига уюштирилган ҳужумда 3 киши ҳалок бўлган эди. 

Фото: Ohad Zwigenberg/AP

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи 30 ноябр куни эрталаб Қуддус шаҳрига кираверишда уч исроиллик ҳалок бўлган ва олти киши яраланган отишма учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар берди. 

Гуруҳ ўз баёнотида ҳужум пайти ҳалок бўлган икки нафар тарафдорини олқишлаган. Улар Шарқий Қуддусда истиқомат қилувчи ака-ука Мурод ва Иброҳим Намров экани айтилмоқда. Икки ҳужумчи эрталаб соат 7:40 атрофида машинадан тушиб, автобус бекатидаги одамларга қарата ўқ узган. 

Полициянинг маълум қилишича, ҳудудда навбатчилик қилаётган икки аскар ва қуролланган бир фуқаро уларга жавобан ўқ узган ва иккаласини ҳам ўлдирган. 

Ҳужум пайтида уч нафар исроиллик ҳалок бўлган: 24 ёшли Ливия Дикман, 73 ёшли раввин, судя Элимелек Вассерман ва тахминан 60 ёшли Ҳанна Иферган. 

Ўлдирилган ҳамасчилар аввалроқ терроризм учун қамалган: Мурод 2010 йилдан 2020 йилгача Ғазо секторида терактларни режалаштиргани учун, Иброҳим эса 2014 йилда террорчилик фаолияти учун. 

ҲАМАС ушбу ҳужумда масъулиятни ўз зиммасига олди. Шунингдек, бу ҳаракатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги уруши ва Женинда икки боланинг ўлдирилишига жавоб эканлигини таъкидлади. 

Шу билан бирга, ҲАМАС фаластинликларни Исроилга нисбатан «қаршиликни кучайтириш»га чақирди.

Мавзуга оид