Ўзбекистонда декабр ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?
Ўзбекистонда декабр ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ой охиригача ҳарорат кечаси −6…+8 даража, кундузи +2…+18 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.
Бу йилги декабр ойи совуқ бўлмайди, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди «Ўзгидромет» хизмати агентлиги матбуот хизмати.
Декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +15…+18 даражагача, жанубда +20…+22 даражагача кўтарилади.
Ҳаво ҳарорати кечаси –1…–6 даражагача, шимолда –8…–13 даражагача пасайиши кузатилади. Синоптикларнинг қайд этишича, декабрь ойи учун бу нормал ҳолат ҳисобланади.
Ойнинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши, ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7, кундузи +13…+18 даража бўлиши кутилмоқда. Бундай қуруқ ва илиқ бошланиш Ўзбекистонда жуда кам учрайди, дейилади хабарда.
Кейинчалик — ойнинг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +5…+8 даражадан –3…–6 даражагача, кундузи +15…+18 даражадан +2…+5 даражагача бўлиши кутилмоқда. Ой давомида вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.
Ўтган йиллардаги декабр ойи
Сўнгги 50 йилдаги энг совуқ декабр 1984 йилда бўлган. Кечаси ҳаво ҳарорати совуқнинг энг юқори чўққисида –18…–23 даражагача, баъзи жойларда –25…–27 даражагача пасайган.
2022 йилнинг декабр ойи биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки характерини кўрсатган. Жуда совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этган. Кечаси бу даврда ҳаво ҳарорати кўпчилик ҳудудларда –10…–15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда –19…–24 даражагача пасайган.
Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат –1…–6 даража атрофида бўлган.
Ўтган йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу қарийб 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7–12 см, баъзи жойларда 13–17 сантиметргача бўлган.Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40–90 сантиметрга етган.
2021 йил декабр ойи эса сўнгги 50 йилдаги энг иссиғи бўлган. Республика бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 2−4 даража юқори бўлган. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати кундузи +20…+25 даражагача, жанубда +26…+28 даражагача кўтарилган. Республиканинг айрим ҳудудларида ҳавонинг максимал ҳарорати бутун метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичларни тақдим этган.
Тошкентда декабр ойи учун мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 1915 йилда кузатилган, у +27,3 даража иссиқни ташкил этган. Декабр ойи учун мутлақ минимал ҳаво ҳарорати, яъни –29,5 даража совуқ 1930 йилда қайд этилган.