Ўзбекистон | 17:54 / 30.11.2023
11637
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб ўқувчисининг ток уриб вафот этиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди

8-синф ўқувчисининг вафоти бўйича Жиноят кодексининг икки моддаси билан тергов иши очилди. Мактаб вазирлиги эса тизимдаги мавжуд таълим муассасалари трансформаторлар сони, уларнинг хавфсизлик талаблари ҳамда техник ҳолати бўйича ўрганиш ишлари олиб боришга киришган.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси муассаса ҳудудида ток уриши натижасида вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 186- ва 207-моддалари (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилган. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса тизимдаги мавжуд таълим муассасалари ҳудудида жойлашган электр тақсимловчи пункт, трансформаторлар сони, балансда сақловчиси, уларнинг хавфсизлик талаблари ҳамда техник ҳолати бўйича ўрганиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва тегишли маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда электр тақсимловчи пунктларнинг барча зарур хатлов ишлари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, ўқувчи билан рўй берган бу воқеа ҳақидаги хабарлар 28 ноябрь куни тарқалганди. 

Кейинроқ ММТБ вакиллари бу бўйича расмий муносабат билдириб, бола муассаса ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетганини маълум қилганди. 

Қолаверса, бошқарма ўқувчини ток урмагани ва мазкур ҳудудда ҳеч қандай электр токи кабели узилган ҳолат кузатилмагани ҳамда мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергия узаткичлари борлиги аниқланмаганини ёзиб ўтган. Бироқ ҳозирда хабардан мазкур жумлалар олиб ташлаб, таҳрирлаб қўйилганди.

Шундан сўнг Бош прокуратура болани мактабда электр токи уриши натижасида вафот этганини тасдиқлаган.

Шунингдек, Kun.uz 99-мактабдаги бу ҳолатдан 2 ҳафта олдин бошқа ўқувчини ҳам ток урганидан хабар топган ва агар бу тасдиқланса, мактаб мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиши лозимлиги ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид