Жаҳон | 23:20 / 02.12.2023
11755
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС уруш тугамагунча Исроил билан маҳбус алмаштирмаслигини эълон қилди

«Энди биз муросага бормаймиз», деди ҲАМАС вакили.

Фото: Nir Keidar/Anadolu Agency

ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳарбий можаро тугамагунча Исроил билан янги маҳбуслар алмашинуви бўлмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларини Al-Jazeera келтирди.

«Ҳозир ҳеч қандай музокара олиб борилмаяпти. Ўт очиш тўхтатилмагунча ва барча фаластинлик маҳбуслар озод этилмагунча, гаровга олинган исроилликлар ҳам қўйиб юборилмайди. Улар бизда аёллар ва болалар борлигини таъкидламоқда, аммо биз уларни озод қилганмиз», деди у.

Унинг таъкидлашича, ҲАМАС Исроил аскарлари ва илгари Исроил армиясида хизмат қилган фуқароларни ҳамон гаровда ушлаб турибди.

«Уруш давом этаверади. Бу қарор якуний ҳисобланади. Биз муросага бормаймиз», деди Арурий.

Аввалроқ, Исроил разведкаси «Моссад» раҳбари бош вазир Бинямин Нетаняҳу буйруғи билан Қатардан музокарачиларни чақириб олгани, чунки ҲАМАС ҳаракати билан сулҳ тўғрисидаги музокаралар «боши берк кўчага кириб қолгани» маълум бўлган эди.

Мавзуга оид