Шов-шувли рейдлар: ҳозиргача нималар маълум?
Бир неча ўн йиллар олдин катта таъсирга эга бўлиб, кейин куч тузилмалари томонидан тийиб қўйилган кўча жиноий гуруҳлари сўнгги вақтларда яна фаоллашиб қолгани маълум бўлмоқда. Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистонда жиноят оламининг ўнлаб вакиллари қўлга олиниб, улар устидан тергов ҳаракатлари бошланди.
Кўча зўравонлари ҳибсга олинаётгани ҳақидаги хабарлар интернетда илк марта 28 ноябрда пайдо бўлганди. Ўша куни Тошкентда “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев исмли шахс қўлга олинган. Пойтахт ички ишлар бош бошқармасига кўра, у жуда кўп миқдордаги товламачилик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда.
52 ёшли Қудратуллаев билан бирга, 43 ёшли Дилшод Шарипов ва 51 ёшли Анвар Мирзохонов исмли шахслар ҳам товламачиликда гумонланиб ҳибсга олинган. “Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли орқали пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган”, – дейилади ички ишлар бошқармаси ахборотида.
Қудратуллаев билан “яқин жиноий алоқада бўлгани” айтилаётган Достон Халилов исмли шахс эса Фарғонада қўлга олинди. У Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлган пайт, “Дўстлик” чегара постида ушланган, унга нисбатан безорилик моддаси билан жиноят иши очилган.
Айни пайтда, Тошкентда “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган 36 ёшли Саидазиз Саидалиев ва унинг шериклари ҳам қамоққа олинган.
Расмийларга кўра, у спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, қатор жиноятларни содир этган. Хусусан, қарз берган одамларга пул эвазига ёлланиб, қарздорларга таҳдид қилиш йўли билан маблағ ундириш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан.
Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Фарғонада ҳам кенг кўламли рейдлар ўтказиляпти. Вилоят ички ишлар бошқармасига кўра, MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов 27 ноябр куни ўзининг атрофига турли шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки кишини жароҳатлаган. У ҳодиса жойидан яширинган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланган.
3 декабр ҳолатига, Фарғона вилоятида ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган жами 22 нафар киши безорилик устида ушланган. Улардан 15 нафари Олтиариқ туманида ҳибсга олинган.
Бу хабарлар ортидан Тошкентда “Салимбой” ва “Салимбойвачча” лақаблари билан танилган Салим Абдувалиев ҳам текширувга жалб этилгани маълум бўлди. Манбаларга кўра, 73 ёшли тадбиркор устидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Ҳозирда унинг Instagram'даги 135 мингта обуначиси бўлган аккаунти ўчирилган.
Маълумот учун, Салим Абдувалиев 2017 йил январидан бери Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келмоқда.
Айни пайтда, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов қидирувда экани ҳақида тарқалган миш-мишларни Kun.uz'нинг ички ишлар органларидаги манбалари тасдиқламади.
Расмийлар бу воқеаларни “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб атамоқда. Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан хавотирга тушмасликни сўраб, қўлга олингани ҳақида расман хабар берилган шахслардан жабрланган фуқароларни ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирди. Мурожаатчиларнинг шахси сир сақланиши маълум қилинган.
Қайд этиш керак, кенг кўламли рейдлар ва текширувлар 25 ноябр куни қозоғистонлик рэпер Jah Khalib'нинг “Ҳумо арена”даги концертида тартибсизлик рўй бергани ортидан бошланди. Қалбаки чипталар сотувга чиқиб кетгани сабабли концертга киришда катта тиқилинч юзага келган эди. Пойтахт ИИББ бу тартибсизлик оқибатида Миллий гвардия ходимлари пичоқлангани ва ўлим рўй бергани ҳақида интернетда тарқалган миш-мишларни рад этди. Бироқ жиноят оламига қарши рейдлар, шунингдек, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бошлиғи алмаштирилиши ҳам айни шу воқеадан кейин рўй берди.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024