Ўзбекистон | 15:27 / 05.12.2023
5076
3 дақиқада ўқилади

COP28: Осиё давлатлари экология вазирлари Дубайдаги Ўзбекистон павильони билан танишди

Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон экология вазирлари Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг COP28 конференциясидаги миллий павильони билан танишди. Улар Глобал яшил тараққиёт институти (GGGI) бош директори билан ҳам учрашув ўтказди.

Фото: Экология вазирлиги

Дубайда бўлиб ўтаётган БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенсияси иштирокчилари конференциясининг 28-сессияси (COP28) доирасида Ўзбекистон миллий павильони фаолият олиб бормоқда. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда.

Павильонга Озарбайжон Республикаси экология ва табиат ресурслари вазири Мухтар Бабаев, Қозоғистон Республикаси экология ва табиат ресурслари вазири Ерлан Нисанбаев ва Қирғизистон Республикаси табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазири Мелис Турғунбоев ташриф буюрди. Уларга Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлик қилди.

Ташриф чоғида қардош мамлакатлар экология вазирлари Ўзбекистон президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубини ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш, Париж келишуви мажбуриятларини бажариш, углерод нейтраллигига эришиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг оқибатлари ва хатарларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шунингдек, яшил кун тартибини илгари суриш бўйича ҳамкор ҳисобланган Глобал яшил тараққиёт институти (GGGI) бош директори Ф.Рижсберман ва вазирлар ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда GGGI бош директори қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали мамлакатларнинг яшил иқтисодиёт тамойилларига босқичма-босқич ўтишлари учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ва бундан манфаатдор эканини билдирди.

Ўз навбатида, вазирлар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури ва бошқа нуфузли платформалар доирасидаги минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсий иродасини алоҳида таъкидлади. Бунда атроф-муҳит муаммолари ва иқлим ўзгариши халқаро ҳамкорликни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди.

Бундан ташқари, минтақа мамлакатларида экология соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш учун истиқболли платформа бўлган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Central Asian Green University) очилиши борасида ижобий фикрлар билдирилди.

Павильон меҳмонлари ўзбекистонлик ҳамкасби Азиз Абдуҳакимовнинг қардош мамлакатлар учун экологик фаолиятнинг минтақавий шарҳини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Учрашув якунида томонлар Самарқандда 2024 йилнинг 12–17-феврал кунлари бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенсия (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ва Биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми (2024 йил март)га таклиф этилди.

Мавзуга оид