Жаҳон | 16:43 / 05.12.2023
10424
4 дақиқада ўқилади

Ғазо жануби ҳам хавфсиз эмас: қочқинлар энди қаерга бориши керак?

Ғазодаги журналистлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил танклари ва бошқа зирҳли техникалари аллақачон сектор жанубидаги Хон Юнус шаҳри остонасига етиб келган.

Фото: Reuters

Ўтган ҳафта охирида вақтинчалик сулҳ узайтирилмай, Исроил армияси ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлагач, аҳоли зич яшовчи ушбу шаҳар исроилликлар юришининг асосий мақсадига айланди.

ЦАҲАЛ расмий вакили, контр-адмирал Дэниел Ҳагарининг қайд этишича, армия рақибнинг мустаҳкамланган позициялари мавжуд бўлган барча жойда ҳаракатланади.

Исроил расмийлари фикрича, Хон Юнусда ҲАМАС раҳбарияти вакиллари яширинган бўлиши мумкин, қолаверса, бу ҳаракат етакчиси Яҳё Синвар туғилган шаҳар ҳисобланади.

Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктидан 10 км масофада жойлашган Хон Юнус Ғазо жанубидаги энг йирик шаҳар бўлиб, бу ерда 400 минг атрофида аҳоли истиқомат қилади.

Исроил ҳарбийлари Хон Юнуснинг айрим ҳудудларидан эвакуация бўлишни тавсия этмоқда

Исроил қуруқлик амалиёти бошланганида жон сақлаш учун шимолдан қочган юз минглаб фаластинликлар айнан Хон Юнусда вақтинча бошпана топишганди.

Аммо 4 декабр тонгида ЦАҲАЛ Хон Юнуснинг кўплаб туманлари аҳолисини янада жануброққа кетишга чақириб варақа тарқатди.

Исроиллик ҳарбийлар Ғазодаги тинч аҳоли вакиллари Салоҳ-ад-дин йўлининг шимолдан жанубга олиб ўтувчи муҳим участкасидан фойдаланмаслиги кераклиги, бу йўналиш ўта хавфли эканидан огоҳлантирган.

Исроил ҳарбийлари вакили тинч аҳоли вакиллари Хон Юнусдан шимолдаги ҳудудлардан жанубга соҳил бўйидаги йўллар орқали бориши мумкинлигини қайд этган.

Исроил армияси олдинга силжиган сари халқаро ҳамжамият, хусусан, унинг асосий иттифоқчиси АҚШ томонидан тинч аҳоли муҳофазаси учун фаолроқ чоралар кўришга чақириқлар кўпроқ янграмоқда.

Фото: Reuters

Исроил аҳолини огоҳлантираётгани, жумладан Ғазонинг қаердан қаерга эвакуация қилиш мумкинлиги кўрсатиладиган онлайн хариталарини эълон қилаётганини айтмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг маслаҳатчиси Марк Регев эса BBC мухбирига фаластинликларнинг Ғазода энди хавфсиз жой қолмагани ҳақидаги сўзларига қўшилмаслигини билдирган.

«Ҳеч бир жой хавфсиз эмаслиги ҳақидаги гапларни мен қабул қилмайман», — деган Марк Регев. Унинг сўзларига кўра, Исроил янги хавфсизлик ҳудудларини белгилаб берган ва маҳаллий аҳоли зарба остида қолмаслик учун ўша жойларга ўтиши мумкин.

Аммо, BBC News’нинг халқаро бўлими муҳаррири Жереми Боуэн Қуддусдан туриб хабар беришича, Ғазода аҳоли эвакуацияси билан боғлиқ вазият фавқулодда мураккаб тус олган.

Твиттерда ва ЦАҲАЛ варақаларида QR-кодли хариталар тарқатилмоқда. Аммо бу ишлайдиган смартфони борлар учун мўлжалланган.

Бу вақтда Ғазодаги асосий интернет-провайдер ҳисобланган Paltel компанияси душанба куни кечқурун Ғазо секторида барча интернет-хизматлар ва алоқа хизматлари ўчирилганини хабар қилди.

Paltel хабарига кўра, «асосий оптик-тола йўналиши ўчиши» рўй берган.

Ҳозирда 10 000 дан ортиқ киши Хон Юнусдаги асосий шифохона бўлмиш Носир шифохонасида бошпана топган, бу ерда ярадорлар билан ҳам тўлиб-тошган, деб хабар беради BBC мухбири Рушди Абу Алоф. Кўпчилик исроиллик ҳарбийларнинг эвакуация харитасидан бехабар ва бу ҳақда хабари борлар ҳам интернет йўқлиги туфайли уни кўра олмайди.

«Аҳоли кўчиб ўтиши тавсия этилган туманлардан бири — соҳилдаги Ал-Мувасидир. Мен билан гаплашган одамларнинг сўзларига кўра, у ерда ҳеч қандай шароит йўқ, шу туфайли улар энди бошқа жойга юборилмоқда», — дея қайд этади Жереми Боуэн.  

«Қуддусда бўлиб туриб у ерда нима бўлаётганини тушуниш мен учун қийин, аммо Ғазо ичкарисидагилар учун бу жуда қийин бўлиши керак. Транспорти бўлмаганлар, оила аъзолари билан биргаликда кўчирилганлар — буларнинг барчаси хавфсизлик кафолатланмайдиган ҳудудга бир зумда кўчиб ўтишни жуда қийинлаштиради», — дея хабар берган мухбир.

Хон Юнус ҳам Исроил зарбаларига учрамоқда. Фото 4 декабр куни олинган. Фото: Reuters

Мавзуга оид