Ўзбекистон | 10:14 / 07.12.2023
23684
3 дақиқада ўқилади

Блогер Фозилхўжа Орифхўжаев озодликка чиқди

Ўтган йил бошида 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев озодликка чиқди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан олдин озодликка чиқди. Бу ҳақда 6 декабр куни Ўзбекистон «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, блогер Навоий вилоятидаги колониядан «шартли равишда» озод қилинган. 

Турли маълумотларга кўра, унинг 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси маошининг бир қисми давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда шартли жазо билан алмаштирилган. У пробация хизмати ходимлари назоратида бўлади.

2022 йил 26 январ куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судланувчи Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан суд ҳукми ўқилганди. Унга кўра, Фозилхўжа Орифхўжаев Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2021 йил 26 июн куни Олмазор туманидаги «Тўхтабой» масжидида Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Али) ва блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ўртасида низо келиб чиққанди.

Шундан сўнг, фуқаролардан келиб тушган хабар асосида Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилган ва тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган. Шунга асосан ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Фозилхўжа Орифхўжаевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Кейинроқ пойтахт ИИББ ахборот хизмати текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилхўжанинг телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этгани ҳақида хабар келиб тушганини, материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш учун унинг телефони процессуал тартибда расмийлаштириб олингани ва диншунослик экспертизаси тайинланганини, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра, блогернинг Facebook'даги профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига кириши аниқланганини маълум қилганди.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид