Ўзбекистон | 15:00 / 07.12.2023
108048
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар кенгаши гул экиш учун 5 млрд сўм ажратди

Сентябр ойида тасдиқланган салкам миллион долларлик “гул пакети”нинг 40 фоизи тақсимлаб чиқилиб, қайси ташкилотлар ва пойтахтнинг қайси туманларига қанча маблағ берилиши аниқлаштирилди. Туманлар кесимида гул экиш учун энг кўп маблағ Мирзо Улуғбек туманига ажратилди.

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 19 сентябр кунги қарори билан пойтахтга мавсумий гуллар экиш учун 12 млрд сўм ажратилиши маъқуллаган эди. Кенгаш 29 ноябр куни бу маблағларнинг 5 млрд сўмини тақсимлаш тўғрисида қарор чиқарди.

5 млрд сўмлик харажатлар пакетининг манбаси – республика бюджетининг 2023 йил 3-чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган маблағлардир.

Ажратилаётган маблағлар тақсимоти қуйидагича:

  • пойтахтнинг 12 та тумани ободонлаштириш бошқармаларига (тақсимоти қуйидаги жадвалда) – 2,73 млрд сўм;
  • Ирригация хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига – 1,4 млрд сўм;
  • Марказий майдонларни ободонлаштириш ихтисослаштирилган бошқармасига – 550 млн сўм;
  • Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган бошқармасига – 250 млн сўм;
  • Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига – 70 млн сўм.

Туманлар кесимида гул экиш учун энг кўп маблағ Мирзо Улуғбек (500 млн сўм) ва Чилонзор (400 млн сўм) туманларига берилмоқда. Энг кам маблағ – Бектемир (100 млн сўм), Янгиҳаёт ва Учтепа туманларига (130 млн сўмдан) ажратилади.

Мавзуга оид