Жаҳон | 13:30 / 07.12.2023
4699
2 дақиқада ўқилади

Хитой раҳбари Си Жинпинг Евроиттифоқ раҳбариятини қабул қилди

Европа Иттифоқи етакчилари 2019 йилдан бери биринчи марта Хитой раҳбари билан шахсан учрашмоқда. Кун тартибида савдо келишмовчилигидан тортиб Украина бўйича можарогача бўлган кенг кўламли масалалар ўрин олган.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

ХХР раиси Си Жинпинг Пекинда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишелни қабул қилди ҳамда улар билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда 7 декабр, пайшанба куни «Синхуа» ахборот агентлиги. Бу ўтган йилги видеосаммитдан кейин 2019 йилдан бери Пекинда Европа Иттифоқи раҳбарияти ва Си ўртасидаги биринчи юзма-юз учрашувдир.

Тушликдан сўнг фон дер Ляйен ва Мишел Хитой бош вазири Ли Цян билан учрашади, сўнгра расмий кечки овқат ва матбуот анжумани ўтказилади. Европа етакчиларига Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳамроҳлик қилмоқда. 

Ташриф дастури кенг кўламли

Европа Иттифоқи-Хитой саммити кун тартибига кенг кўламли масалалар киради – савдо келишмовчилигидан тортиб, Украина ва Яқин Шарқ атрофидаги можароларгача. Учрашув олдидан фон дер Ляйен Хитойни савдода муросага келишга чақирди. «Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари савдо номутаносиблигига чексиз тоқат қилмайди. Бизда бозоримизни ҳимоя қилиш учун воситалар бор», деди у 5 декабр куни. 

Шундан сўнг Пекин Европа Иттифоқининг савдодаги мувозанатни тиклаш учун Хитойга нозик технологияларни экспорт қилишни қийинлаштиришга уринишлари «мантиққа тўғри келмаслигини» билдирди. 

Саммитнинг яна бир мавзуси Пекинни бир қатор европалик сиёсатчиларга нисбатан санкцияларни бекор қилишга кўндиришга қаратилган уриниш бўлади. Хитой 2021 йилда, хусусан, Европарламент депутати ва Германия «яшиллар» партиясининг собиқ ҳамраиси Райнхард Бютикоферга нисбатан визани тақиқлаш ва бошқа санкциялар жорий қилди. Европа Иттифоқининг Хитойга қарши санкцияларига Пекин шундай жавоб қайтарди. 

Мавзуга оид