Ангрен кўмир омбори мудири қамоққа олинди
Текширувлар жараёнида катта миқдордаги кўмир ва бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган. Ангрен кўмир омбори мудири ва бошқа қатор мансабдорларга жиноий иш очилган.
Ангрен кўмир омбори мудири Музаффар Эргашев, «Кўмир таъминот» МЧЖ мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz’га «Ўзбеккўмир» АЖдаги манба хабар берди.
Манба тақдим қилган ҳужжатда кўринишича, Ангрен кўмир омборига жорий йилнинг июн ойидан ноябр ойига қадар 25 112 тонна кўмир маҳсулотлари қабул қилиб олинган. Ҳисоботларда ушбу кўмирнинг 21 411 тоннаси ижтимоий соҳа муассасалари ва аҳолига имтиёзли нархларда тарқатилгани ҳамда жорий йилнинг 11 ноябр ҳолатига омборда қолдиқ 3700 тонна кўмир борлиги акс эттирилган.
«Ўзбеккўмир» АЖ бош геологининг 2023 йил 11 ноябрдаги Ангрен кўмир омборида ўтказилган маркшейдерлик ўлчовидаги хулосасига кўра, омборда жами 1805 тонна кўмир қолдиқда мавжудлиги кўрсатилган. Бу орқали омбор мудири Музаффар Эргашев ўзига ишониб топширилган 569 млн сўмлик 1895 тонна кўмирни растрата йўли билан талон-торож қилиб, ўзлаштириб юборгани аниқланган.
Шунингдек, «Кўмир таъминот» МЧЖда ўтказилган солиқ текширувлари жараёнида 1 тонна кўмир нархи аҳолига нисбатан 300 минг 300 сўм ҳамда бюджет ташкилотларига нисбатан 418 минг 245 сўм қилиб белгиланган бўлса-да, жамият томонидан 2022 йил 26 июл кунидан 2023 йил 31 октябр кунига қадар 27 та ҳолатда 15 та бюджет ташкилотига арзон нархларда 7 млрд 869 млн сўмлик 30 130 тонна кўмир реализация қилинган. Ушбу кўмир маҳсулотлари белгиланган нархда сотилганида 10 млрд 958 млн сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш базаси вужудга келиши лозим бўлган. Бу орқали 3 млрд 88 млн сўм бюджет маблағлари растрата қилиш орқали талон-торож қилинган.
Бундан ташқари, жамиятнинг товарлар кирим ва чиқим амалиётлари таҳлил қилинганида тегишли қонун талабларига зид равишда жамият томонидан катта миқдордаги бензин ва дизел ёқилғиси, шунингдек, нефт маҳсулотлари лицензия ва бошқа ҳужжатларсиз реализация қилингани аниқланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Ангрен кўмир омбори мудири Музаффар Эргашев ва бошқаларга, шунингдек, «Кўмир таъминот» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Kun.uz олдинроқ Ангрендаги «кўмир мафияси» ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда кўмирни кондан ғайриқонуний тарзда олиб чиқиб, фуқаролар ва тадбиркорларга улгуржи сотишни йўлга қўйган шахснинг фирибгарлиги ҳақида гап боради. Kun.uz’га мурожаат қилган фуқароларнинг маълум қилишича, мазкур иш доирасидаги тергов ҳозирда Ангрен шаҳридан олиниб, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига ўтказилган.
Мавзуга оид
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
22:40 / 07.10.2024
Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади
12:08 / 27.09.2024
Хоразмда МЧЖ масъул шахслари ижтимоий соҳа объектларига бериладиган кўмир учун ажратилган пулларни ўзлаштирди
18:10 / 12.09.2024