Жаҳон | 14:00 / 08.12.2023
9701
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Ироқдаги элчихонасига ракеталар учирилди

Элчихона мажмуасига камида учта «Катюша» ракетаси учирилган. Бу Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери Бағдоддаги АҚШ элчихонасига биринчи ҳужумдир.

Фото: AP

8 декабр, жума куни эрталаб Ироқ пойтахти Бағдоддаги АҚШ элчихонасига камида учта ракета учирилди. «Маҳаллий вақт билан тахминан соат 4:20 да Америка элчихонасига қаратилган учта «Катюша» ракетаси Дажла дарёси яқинидаги «Яшил ҳудуд» яқинида қулади», — деди Ироқ хавфсизлик кучлари вакили AFP агентлигига берган интервюсида.

Ўз навбатида, америкалик ҳарбий мулозим номини ошкор қилмаслик шарти билан халқаро аксилтеррор коалиция қўшинлари жойлашган АҚШ элчихонаси ва Union III ҳарбий базаси яқинида сиреналар янграгани ҳамда «портлаш товушлари» эшитилганини айтди. АҚШ ИШИД кучайишининг олдини олиш учун Ироқда 2500, Сурияда яна 900 аскарни жойлаштирган. 

Ҳозирча Бағдоддаги Америка дипломатик миссиясига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади. Бу - октябр бошида Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш бошланганидан бери АҚШнинг Ироқ пойтахтидаги элчихонасига биринчи марта ҳужум уюштирилиши. 

Американинг Ироқ ва Суриядаги объектларига зарбалар 

«Яшил ҳудуд» Бағдоддаги алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудуд бўлиб, у ерда бир қатор давлатлар давлат идоралари ва элчихоналари бинолари жойлашган. Аввалроқ Ироқ бош вазири Муҳаммад ал-Суданий АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқотда Ироқ мамлакатда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳарбий маслаҳатчилари хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини таъкидлаган эди. 

Ал-Суданий, шунингдек, АҚШдан Ироқ ҳудудига ҳужум қилмасликни сўраган. Октябр ойи ўрталаридан бери эронпараст гуруҳлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш фонида Ироқ ва Суриядаги Америка ва коалиция нишонларига ўнлаб ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди. Бунга жавобан АҚШ армияси Ироқдаги ушбу тузилмаларнинг позицияларига бир неча бор зарбалар берди. 

Мавзуга оид