Жаҳон | 08:47 / 09.12.2023
4642
3 дақиқада ўқилади

ЕИ сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича келишувга эришди

Европарламент, Европа комиссияси ва Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари уч кунлик музокаралардан сўнг сунъий интеллект ҳақидаги қонун бўйича сиёсий келишувга эришди. Европа дунёда биринчи бўлиб СИ тўғрисидаги қонунни қабул қилмоқчи.

Фото: Pixabay

Европа Иттифоқи сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш қоидаларини кучайтиради. Тегишли қоидалар (Artificial Intelligence Act) 8 декабр, жума куни кечқурун Брюсселда Европарламент, Еврокомиссия ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари томонидан уч кунлик музокаралардан сўнг келишиб олинди.

Европарламент баёнотида айтилишича, қонун лойиҳаси «Европада сунъий интеллект хавфсизлигини таъминлаш, асосий ҳуқуқлар ва демократияга ҳурмат, шунингдек, бизнеснинг гуллаб-яшнаши ва кенгайиши имкониятларини» таъминлашга қаратилган.

Европа комиссиясининг 2021 йил апрел ойида тақдим этилган таклифига кўра, сунъий интеллект тизимлари турли хавф гуруҳларига бўлиниши керак. Илованинг потенциал хавфи қанчалик юқори бўлса, унга қўйиладиган талаблар шунчалик қаттиқроқ бўлиши лозим. 

Музокаралар базавий моделлар деб аталган нарсаларни тартибга солиш масаласи бўйича деярли барбод бўлди - улар улкан маълумотлар тўпламлари билан ишлашга ўргатилган жуда кучли СИ моделлари ҳисобланади, деб ёзади dpa. Кўпгина бошқа иловаларга асосланиши мумкин бўлган шунга ўхшаш асосий моделларга, масалан, GPT киради. Германия, Франция ва Италия тартибга солишни асосий технологиянинг ўзига эмас, балки фақат маълум СИ иловаларига қўллашни ёқлади.

ЕП юзни автоматик таниб олишни тақиқлашни талаб қилмоқда 

Масалан, миллий хавфсизлик мақсадларида сунъий интеллект ёрдамида юзни таниб олиш бўйича режалаштирилган қоидалар ҳам мунозараларга сабаб бўлди. Европа парламенти, хусусан, бундай дастурларни тақиқлашга интиляпти, аммо Европа Иттифоқи давлатлари миллий хавфсизлик, мудофаа ва бошқа ҳарбий мақсадларни ҳимоя қилиш учун ушбу тақиқдан истисноларни талаб қилди. Келишувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан биометрик идентификация тизимларидан фойдаланишга чекловлар ҳам киритилган.

Яқин кунларда иккала томон ҳам ҳужжат шаклини ўзгартириши мумкин бўлган тафсилотларни муҳокама қилади – сунъий интеллект ҳақидаги дунёдаги биринчи қонун кўриб чиқилади. Қонун лойиҳаси кучга кириши учун у Европарламент ва Европа Иттифоқининг ҳар бир давлати томонидан маъқулланиши керак, бироқ бундай маъқуллаш расмиятчилик ҳисобланади. 

Мавзуга оид