Ўзбекистон | 20:49 / 11.12.2023
9389
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ХСР раҳбари Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи музейга айлантирилмоқда

Бухоро халқ совет республикаси раҳбари, жадид Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи давлат томонидан қайта сотиб олиниб, у ерда жадидлар музейи ташкил қилинмоқда. Бу ҳақда унинг Туркияда яшайдиган ўғли Темур Хўжа маълум қилди. Музей Маданият ва санъат жамғармаси кўмагида шакллантирилади. ЎзФА Тарих институти директори Азамат Зиё бу катта воқеа эканини айтди.

Усмонхўжа Пўлатхўжаев

Бухоролик жадид Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи давлат тасарруфига ўтиб, у ерда дунёдаги биринчи жадидлар музейи ташкил қилинадиган бўлди. Бу ҳақда жадидчиликка бағишлаб Тошкентда ўтказилаётган анжуманда маълумот берилди.

Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг Туркияда яшайдиган ўғли Темур Хўжанинг маълум қилишича, музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида шакллантирилади.

ЎзФА Тарих институти раҳбари Азамат Зиёнинг айтишича, Усмон Хўжанинг уйини бир пайтлар совет ҳокимияти мусодара қилган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам уй бошқаларга ўтиб кетган.

Энг катта ютуғимиз – ушбу масаланинг давлат раҳбарияти даражасида ҳал қилинганида бўлди. Шунингдек, ўша уйнинг эгаси рози қилиниб, қайта сотиб олинди ва у ерда ҳозир жадидчилик музейи ташкил қилиняпти. Шу ишни қилса бўлармикан деб юрардим. Шу уй эгасига қайтганига, ҳам у ерда жадидчилик тарихига бағишланган музей очилаётганига жуда хурсанд бўлдим”, – деди Азамат Зиё Kun.uz'га берган интервюсида.

Тарих институти раҳбари жадидчилик ҳаракати фаолларидан бири бўлган Садриддин Айнийга асосланиб айтишича, Бухоронинг ўзида 3 мингдан ортиқ жадид бўлган. Тарихчилар айни пайтгача уларнинг 250 га яқинининг шахси аниқланган.

Улардан кўпчилигининг таржимайи ҳолларини топиб ёздик. Ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ йиғиш мумкин бўлган маълумотларини, жадидчилик бўйича қилинган илмий ишларини ҳам тўпладик”, – дейди Азамат Зиё.

Маълумот учун, Усмонхўжа Пўлатхўжаев 1920 йилда Бухоро амирлиги тугатилганидан кейин ташкил этилган Бухоро Халқ Совет Республикасининг молия нозири, 1922 йилда Марказий ижроий комитети (ҳукумат) раҳбари лавозимини эгаллаган. У давлат арбоби бўлиб, Бухородаги илк жадид мактабларидан бирига асос солган.

БХСР 1924 йилда, миллий-ҳудудий чегаралар белгиланиши ортидан тугатилган.

Мавзуга оид