Ўзбекистон | 15:09 / 11.12.2023
6787
3 дақиқада ўқилади

“Ноқонуний маълумотларга “лайк” босганлик учун жавобгарлик бор” – АОКА

Агар тергов ва суд ноқонуний маълумотга босилган “лайк”ни уни тарқатиш деб баҳоласа, бу ишни қилган шахс жавобгарликка тортилиши мумкин. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фуқароларни ёлғон маълумотлар тарқатишда иштирок этмасликка чақирди.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар қандай ахборотни тарқатишдан аввал манбанинг ишончлилигини текширишни сўради.

Ноқонуний маълумотларга ёлғон маълумотлар, фейк хабарлар, дезинформация, ноқонуний ҳаракатларга ундаш, махфий маълумотларни ошкор қилиш, экстремистик контент, ҳақоратли сўзлар ва порнографик материаллар киради.

Маълумотни тарқатишдан олдин текширинг ва расмий манбалардан фойдаланинг. Ёлғон маълумотлар тарқатишда иштирок этманг. Бу нафақат сизнинг ҳуқуқингиз, балки жамият олдидаги бурчингиз ҳамдир. Эсда тутинг, тарқатган материалларимиз учун ҳар биримиз жавобгармиз. Қонунларга риоя қилинг ва хавфсиз ахборот муҳитини яратишда иштирок этинг”, дейилади АОКА хабарида.

Қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра:

  • Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида (22 млн 300 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 244-6-моддасига кўра:

  • шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 150 бараваригача  миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
  • жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
  • Юқоридаги жиноятларни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этганлик учун яна ҳам оғирроқ жазо чоралари, яъни БҲМнинг 400 бараваригача жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш белгиланган.

Олдинроқ навоийлик кекса аёл 5 йил олдин диний маърузага “класс” босгани учун 3 йилга озодликдан чекланганди

Мавзуга оид