Жаҳон | 10:25 / 14.12.2023
6593
2 дақиқада ўқилади

Конгресс Байденга нисбатан импичмент суриштирувини бошлашга қарор қилди

Вакиллар палатаси резолюцияси Жо Байденга қарши импичмент бўйича суриштирувни расман бошлаб беради.

Фото: Yuri Gripas/ZUMA Wire/IMAGO

13 декабр, чоршанба куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари президент Жо Байденга нисбатан импичмент жараёни суриштирувини давом эттириш бўйича резолюция учун овоз берди. Тегишли қўмита томонидан тайёрланган ҳужжатни 221 нафар республикачи конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 212 нафар демократ эса қабул қилинишига қарши овоз берган.

Қарор расман импичмент суриштирувини бошлайди. АҚШ қонунларига кўра, суриштирувнинг ўзи рухсатсиз ўтказилиши мумкин, шунинг учун у бир неча ойдан бери давом этмоқда. Резолюция бўйича овоз бериш ғояси спикер Майк Жонсондан чиқди, унинг фикрича, тасдиқланган резолюция импичмент жараёнига кўпроқ ҳисса қўшади.

Суриштирув учун асослар орасида, хусусан, президентнинг ўғли Хантер Байденнинг ноутбукидан ёзишмалар, гувоҳларнинг президентнинг ўғлининг бизнесига алоқадорлиги ҳақидаги кўрсатмалари, шунингдек, давлат раҳбари оиласининг шубҳали молиявий операциялари бор. Бир кун аввал кичик Байден Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси томонидан республикачиларнинг Жо Байденнинг ўз бизнесига алоқадорлиги ҳақидаги саволларига жавоб бериш учун чақирилган эди. Бироқ, у келмади.

Вакиллар палатасининг қароридан сўнг, айбловлар Конгресс Сенатига ўтказилади, у ерда процедура суд жараёнига айланади. Уни Қўшма Штатлар Олий суди раиси бошқаради. Вакиллар палатаси суд жараёнида айбловчи сифатида, сенаторлар эса ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида ишлайди. Импичмент амалга оширилиши учун сенаторларнинг камида учдан икки қисми овоз бериши керак. Аммо айни пайтда Сенатни демократлар назорат қиляпти.

Мавзуга оид