Жаҳон | 09:25 / 15.12.2023
4911
2 дақиқада ўқилади

Де Кро: ЕИ Украина билан музокараларни 18 декабрда бошлайди

Европа Иттифоқи Украина билан аъзолик бўйича музокараларни 18 декабрда бошлашга тайёр. Овоз бериш жараёнига аралашмаган Венгрия бош вазири Виктор Орбан музокараларни бошлаш қарорини ёмон деб атади.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Украина билан аъзолик бўйича музокараларни 18 декабр, душанба куни бошлайди. Бу ҳақда 14 декабр, пайшанба куни Европа кенгашининг Брюсселдаги йиғилишида Белгия бош вазири Александр Де Кро маълум қилди.

Бир соат аввал Европа Иттифоқи саммитида унга аъзо давлатлар раҳбарлари Европа комиссиясининг Киев билан музокараларни бошлаш тавсиясини қабул қилган эди. Маълумки, қарор қабул қилиш чоғида Венгрия бош вазири Виктор Орбан зални тарк этган. «Ҳеч қандай вето йўқ эди, - деди Де Кро. - Демак, бу қарор 27 давлат учун мажбурийдир. Бу ўйин қоидалари, уларни ҳамма билади». Белгия бош вазирининг сўзларига кўра, унинг венгриялик ҳамкасби «қабул қилинаётган қарорни жуда яхши билган». Ушбу қарор ҳеч бир аъзо томонидан блокланмаганлиги сабабли, у қонуний ҳисобланади.

Кейин Орбаннинг ўзи Facebook'да видео жойлаштирди, унда у «ёмон қарор»да иштирок этишни истамагани учун овоз беришда бетараф қолганини айтди.

«Агар сиз қарор қабул қилган бўлсангиз ва ушбу хонада 27 давлат қилган қарорга рози бўлсангиз, кейинчалик: «Мен бу борада бошқача фикрдаман» демаслигингиз керак. Ёки қарорда иштирок этсангиз ва унга рози бўлсангиз, сўнг оғизни юмиш керак», - деди Де Кро ва қўшимча қилди: «Мен буни айтмаслигим керак эди».

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Украинага 50 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдамни киритишни истаган Европа Иттифоқининг узоқ муддатли бюджети мавзусини муҳокама қилишда давом этмоқда. Саммит камида 15 декабр оқшомига қадар давом этади.

Мавзуга оид