Жаҳон | 08:46 / 15.12.2023
8001
3 дақиқада ўқилади

Орбан Украина бўйича қарор қабул қилиш чоғида Еврокенгаш залини тарк этди

Германия канцлери Олаф Шолц Украина билан музокараларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш чоғида Виктор Орбанга зални тарк этиш имкониятини тақдим этишни таклиф қилди, дея хабар беради DW'га дипломатик доиралардаги манбалар.

Фото: European Union

Венгриянинг Украина бўйича позицияси Европа Иттифоқи раҳбарларини боши берк кўчадан олиб чиқиш йўлини Германия канцлери Олаф Шолц ўйлаб топди. Бу ҳақда DW нашрига 14 декабр, пайшанба куни кечқурун ЕИ дипломатик доираларидаги бир қанча манбалар маълум қилди. Европа кенгаши Украина билан аъзолик бўйича музокараларни бошлаш тўғрисидаги қарори чоғида Венгрия бош вазири Виктор Орбан зални тарк этган ва шу тариқа қарорга вето қўймаган. Ва бу Европа Иттифоқининг ҳеч бир аъзоси томонидан блокланмаганлиги сабабли, у қонуний деб ҳисобланади, деди журналистларга Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси.

Унинг сўзларига кўра, «Орбан қисқа муддатга олдиндан келишилган ва конструктив тарзда зални тарк этган». Брюсселдаги дипломатларнинг DW нашрига айтишича, Венгрия бош вазири Украинанинг аъзо бўлиш бўйича музокаралар бошланишини бошқа етакчилар маъқуллаган пайтда саммит залини тарк этиши таклифи Шолцдан чиққан. Улар Виктор Орбан ўзи йўқлигида нима бўлишини аниқ билганини таъкидладилар.

Кўп ўтмай, Венгрия бош вазири Facebook'да видео жойлаштирди, унда у «ёмон қарор» деб атаган нарсада иштирок этишни истамагани учун овоз беришда бетараф қолганини тушунтирди. Ҳатто эрталаб саммитга етиб борганида ҳам Орбан «ҳозир Украинанинг аъзолиги бўйича музокаралар олиб бориш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», чунки у Европа комиссияси томонидан илгари сурилган етти шартнинг ҳаммасини бажармаганини айтди. Аввалроқ Орбан Украинани дунёдаги энг коррупциялашган давлат деб атаган ва ҳатто Украинани саммит кун тартибидан чиқаришни талаб қилган эди.

Саммит арафасида Еврокомиссия Венгрия учун мўлжалланган ЕИ маблағларидан 10 миллиард еврони блокдан чиқарди. Маблағлар Брюссел томонидан Венгрия суд тизимининг мустақиллигига шубҳа туфайли музлатиб қўйилган. 13 декабр куни кечқурун эълон қилинган пресс-релизда Европа комиссияси ўз баҳосида Будапешт Европа Иттифоқининг Асосий ҳуқуқлар хартиясининг суд ҳокимияти мустақиллигига оид шартларини бажарганини таъкидлади. «Бу бирлашиш сиёсатини молиялаштиришнинг бир қисми энди блокланмаслигини англатади ва шунинг учун Венгрия тахминан 10,2 миллиард еврогача пулни талаб қила бошлайди», дейилади ҳужжатда.

Мавзуга оид