Ўзбекистон | 12:39 / 15.12.2023
3259
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Таиланд ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантирмоқчи 

Ўзбекистон бош консули Фахриддин Султонов Таиланднинг Краби провинциясида бўлди ва губернатор Сомчаи Ҳарнпакдеепатима билан учрашув ўтказди.

«Дунё» хабарига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва ҳудудлараро муносабатларни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Таиланд томонига мамлакатда хорижий инвесторлар ва халқаро савдо учун янада қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида ўзаро савдони ривожлантириш, сайёҳларни жалб этиш мақсадида уларга турли имтиёзлар тақдим этиш бўйича режалар таъкидланди.

Краби провинцияси губернатори провинция ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида барча соҳаларда, биринчи навбатда туризм ва савдо йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Фарғона  ва Краби ўртасида биродарлашган вилоятлар тўғрисидаги меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, провинция мутасаддилари ва ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш ва бошқа жабҳаларда ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга оид