Жаҳон | 09:03 / 16.12.2023
9877
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ: Ҳарбийлар хато сабаб ҲАМАС гаровидаги уч кишини ўлдирди

Исроил аскарлари Шежайядаги жангда ҲАМАС гаровидаги уч кишини таҳдид деб қабул қилган ва ўт очган, дея хабар беради ЦАҲАЛ.

Фото: AP

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАС гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилган уч исроилликни хато сабаб ўлдирди. Бу ҳақда ЦАҲАЛ 15 декабр, жума куни расмий Telegram-каналида хабар тарқатди.

Баёнотга кўра, ҳодиса Ғазо сектори шимолидаги Шежайя ҳудудида жанглар чоғида содир бўлган — ЦАҲАЛнинг хабар беришича, Голани бригадаси 13 декабрдан буён ҳудудда ҳужум амалиётини ўтказмоқда. «Жангдан кейинги қидирув ва текширувлар чоғида» ЦАҲАЛ томонидан ўлдирилган уч кишининг шахси бўйича шубҳа пайдо бўлди», дейилади воқеа баёнотида, уларнинг жасадлари Исроил ҳудудига олиб келинган, у ерда идентификация қилиш уларнинг ҲАМАС томонидан ўғирлаб кетилган исроиллик эканлигини тасдиқлаган. 

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида ҲАМАС гаровга олган яна 3 кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берган эди. Улардан бири Supernova фестивалида ўғирлаб кетилган, қолган иккитаси эса исроиллик аскар эди. Уларнинг жасадлари ватанларига қайтарилди. ҲАМАС томонидан гаровга олинган яна камида беш киши ҳалок бўлгани декабр бошида тасдиқланганди.

ЦАҲАЛ ўлдирилган гаровга олинганларнинг оилаларига уларнинг ўлими ҳақида хабар берган

ЦАҲАЛ ҳалок бўлган исроилликларнинг исмларини келтирди: Нир Ам кибуцасидан ўғирлаб кетилган Самер Талалк ҳамда Кфар-Аза кибуцасидан ўғирлаб кетилган Йотам Хаим ва Алон Шамриц.

ЦАҲАЛ вакили Даниэл Хагарининг сўзларига кўра, Исроил мудофаа кучлари «бўлиб ўтган барча воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олади» ҳамда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Тегишли текширув ўтказилади.

Идоранинг таъкидлашича, фожиа «сўнгги кунларда жанглар давом этаётган фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасида» содир бўлган. «Ҳодисадан зудлик билан хулоса чиқарилди» ва воқеа ҳақидаги маълумотлар Исроил армиясининг бошқа бўлинмаларига етказилади, деб хабар берди ЦАҲАЛ.

Исроил гуруҳ бутунлай йўқ қилинмагунча, ҲАМАСга қарши курашни давом эттириш ниятида

Бундан бир неча кун аввал ЦАҲАЛ Ғазо секторида ҲАМАС туннеллар мажмуасига денгиз сувини қуйишни бошлаган эди. Бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган операцияда жангчилар ўқ-дориларни яширган туннелларни сув босиши ва инфратузилмани йўқ қилиши кутилмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яна бир бор мамлакат гуруҳга қарши курашни «ғалабага қадар» давом эттириш ниятида эканини айтди. «Бизни ҳеч нарса тўхтата олмайди», деди бош вазир ЦАҲАЛ аскарларига мурожаатида. Шу билан бирга, Нетаняҳу ҲАМАС жангчиларини таслим бўлишга чақирди, чунки содир бўлаётган воқеалар гуруҳ учун «интиҳонинг бошланиши» экани айтилди.

Мавзуга оид