Президент “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқни брендга айлантириш зарурлигини айтди
Кийим-кечак, уй текстили, меҳмонхона учун сочиқ, чойшаб, ёстиқ, матрас, парда каби ўзимизда ҳам ишлаб чиқарса бўладиган товарлар асосан четдан олиб келинаётгани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, бугунги кунда трикотаж кийим ва мато, газлама, кабел, маиший техника, мевалар, узум, дуккакли экинлар, қайта ишланган мева-сабзавот каби энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотни ташқи бозорларга олиб киришда кўплаб тўсиқлар бор.
Тармоқлар ҳар доимги экспорт бозорлари билан чекланиб қолаётгани, янги бозорларга кириб боришга уларда тоқат етишмаётгани кўрсатиб ўтилди
Мутасаддиларга экспортбоп 10 турдаги тайёр маҳсулотнинг ҳар бирига 10 тадан янги истиқболли бозорни белгилаб, бозорларда маҳсулотларга техник ва сифат талабларини ўрганиб, маҳаллий корхоналарга уларни ўргатиш, лабораториясига ёрдам бериш топширилди.
Хориждаги ҳамкасблар билан музокара ўтказиб, сертификат, бож ва йиғимларни юмшатиш бўйича чоралар кўриш вазифаси қўйилди.
Тўқимачилик саноатида кийим-кечак, уй текстили, меҳмонхона учун сочиқ, чойшаб, ёстиқ, матрас, парда каби ўзимизда ишлаб чиқарса бўладиган товарлар асосан четдан олиб келинаётгани қайд этилди.
Шу боис аралаш тола ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
Бунинг учун биринчи босқичда 125 минг тонна сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш бўйича 15 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланди. Шунингдек, Андижон шаҳрида 15 миллион долларлик, Самарқанд шаҳрида 20 миллион долларлик лойиҳа ҳисобига сунъий толадан парда ва мебель матолари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Келгуси йилда тўқимачиликда яна камида 700 миллион доллар қўшилган қиймат яратиш, трикотаж бўёқхоналар қувватини 40 фоизга, газлама матода – 30 фоизга олиб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилди. Юқори қиймат берадиган янги лойиҳаларга 200 миллион доллар ресурс сифатида ажратилиши белгиланди.
Бу маблағлар йирик тозалаш иншоотлари қуриб бериладиган ҳудудда бўёқхоналар ташкил қилиш лойиҳаларига берилади. Уларга сувни тозалаш иншоотлари харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Шавкат Мирзиёев маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқишга алоҳида тўхталди.
Машҳур брендлар ўзи ишлаб чиқариш қилмай, балки аниқ талабларни белгилаб, буюртмаларини бунга жавоб берадиган ишлаб чиқарувчиларга жойлаштиради. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи бор маҳсулотларимиз ташқи бозорларда брендга айланмагани учун арзон сотилмоқда.
Энди маҳсулотларни фақат ўзимиздан чиқиб кетгунича эмас, балки уларни ташқи бозорларда бренд сифатида танитиш учун шароит яратиб бериш зарурлиги таъкидланди
Савдо саноат палатаси мато, уй текстили, ички кийимлар, гилам, пойабзал, чарм аксессуарлар, қуритилган ва консерваланган мева-сабзавот, қандолат, лак-бўёқ, мармар, чинни, кафель, идиш ва сантехникалар бўйича машҳур брендлар буюртмаларини жойлаштирувчи 30 та “сорсинг” компанияси билан келишувга эришиб, маҳаллий корхоналаримиз билан боғлаши зарурлиги айтилди.
Шунингдек, келгуси йилда Ханой (Вьетнам), Лоц (Польша), Иваново (Россия), Прата (Италия) шаҳарларида тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берилди.
Мавзуга оид
12:50 / 04.11.2024
Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Мўғулистонга экспорт қилинади
09:40 / 23.10.2024
Ўзбекистондан Кувайтга қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилади
21:40 / 02.10.2024
Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди
20:58 / 19.09.2024