Ўзбекистон | 16:01 / 18.12.2023
7690
4 дақиқада ўқилади

Қишки “перевод” учун ҳужжатлар қабулига оз вақт қолди – нималарни билиш керак?

Қиш мавсумида фақат бир давлат олий таълим муассасасидан бошқасига ўқишини кўчириш учун маълум тоифа талабаларига рухсат берилади. Бу муддатда хорижий ва хусусий ОТМдан ўқишни кўчириш учун аризалар олинмайди.

Фото: Kun.uz

Ўқишни узрли сабабларга кўра кўчириш учун аризалар қонунчилик бўйича 20 декабрдан 20 январгача олинади. Ва фақат 2 тоифадаги фуқаролар қуйидаги узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш учун ариза топшириши мумкин:

  • талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун;
  • давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун (тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида).

Ўқишни кўчириш учун қуйидаги ҳужжатлар керак:

  • ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
  • талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
  • паспорт нусхаси;
  • юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.

Ўтган 2022 йилда қишки “перевод” вақтида Олий таълим вазирлиги ҳудудларда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилганди. Талабгорлар айни шу ишчи гуруҳларга ҳужжатларини тақдим этган.

Аризалар 20 январгача қабул қилинса, ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Кейинги жараён қандай бўлади?

Тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади. ОТМ томонидан талаба илгари таълим олган ОТМга унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.

Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.

Эслатма: агар талаба мақсадли қабул доирасида таълим олаётган бўлса, унга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.

Грантда ўқиётан талаба грант билан ўқишини кўчира оладими?

Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Яъни агар ОТМ йўналишлари учун ажратилган грант ўрин бўлса, таълим муассасасидаги вазиятдан келиб чиқиб, талабага грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилиши мумкин.

Кўзи ожиз ва ногиронлиги бор талабаларга грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилади. 

Мавзуга оид